Мутолаа: Сўнгги учрашув. Ҳикоя

Илья Ильф, Евгений Петров

Танаффус пайтида Бадиий театрнинг чекиш хонасида икки киши учрашиб қолди. Аввалига улар узоқдан бир-бирига қараб қўйди, кейин улардан бири иккинчисига ён томондан қараш мақсадида катта айланиш тасвирлади ва ниҳоят иккаласи ҳам “наҳотки”, “неча йил, неча замонлар...”, “ўзингмисан” каби тасодифий ҳайқириқларни айтиб бир-бири томон шошилди.

Ўн беш йил ичида қанча сувлар оқиб ўтгани ва ҳар хил “ҳа нимасини айтасан?”, “тўғри биродар”, “шунақа гаплар, дўстим”, “сен қариб қопсан”, “сен ҳам...” каби майда-чуйдалар муҳокамаси тахминан уч дақиқача давом этди.  

Кейин суҳбат бошланди:

Демак, сен ҳарбий чизиқ бўйлаб кетибсан-да?

Менми, ҳа анча бўлди.

Марказдами?

Йўқ, ҳозиргина Узоқ Шарқдан келдим.

Японлар қалай? Уруш олиб бормоқчими?

Уларга шундан кўрсатма берилган.

Хўш, хўш! Петлицангдаги унвонлар жуда камми дейман. Мана буниси нима?

Буми? Даража белгисининг бир тури – шпала дейилади.

Учтами шпалаларинг? Ромбчи, ромб йўқми?

Ромб йўқ.

Бу қандай бўлди экан?Учтагина шпала.

Полк командири.

Чакки эмас, қария.

- Нега чакки эмас экан? Полк қўмондонлиги шарафли иш. Полк бу катта бирлик. Бунга кўп йиллар ўқиб ўрганишим керак бўлган. Ёдингда бўлса биз ҳатто арифметикани билмасдик. Шу ўн беш йил давомида мен ўқидим, ҳарбий мактабни тугатгандан сўнг взводни, кейин ротани бошқардим. Ҳозир полк қўмондониман. Бу осон иш эмас. Ўтган йили моторизация ва механизация курсларида қатнашгандим. Ҳозир ҳам ўқияпман.

Бироқ ромблардан дарак йўқ?

Ромблар йўқ. Сен-чи, сен қайси чизиқдасан, Костя?

Мен, Лёня, умуман бошқа йўналишдаман.

Хўш...

Мен масъулиятли ходимман.

Шуни сўраяпман – қайси йўналишда деб?

Айтяпман-ку – масъулиятли ходим!

Ниманинг ходими?

Нима ниманинг?

Мутахассислигинг нима, деб сўраяпман?

Мутахассисликнинг бунга нима алоқаси бор? Худо ҳақи худди кар-соқов билан гаплашаётгандай... Мен, азизим, бутун бир муассасанинг раҳбариман. Агар ҳарбий жиҳатдан кўриб чиқсак, нақд икки-уч ромбга тортади, кам эмас. 

Қанақа муассаса экан?

Қурилиш трестининг раҳбари.

Қойил. Демак, архитекторсан. Санъат академиясида таҳсил олган экансан-да.

Таҳсил? Қачон? Ишни ким қилади? Газета ўқишга вақтим йўқ, таҳсил олишни-ку айтмасанг ҳам бўлади. Агар ҳамма ўзини ўқишга урса, ишни ким қилади?

 Кетдик залга кира қолайлик, ёлғиз биз қолибмиз.

Шошма, дўстим. Тўртинчи пардани томоша қилиш шартмас. Қизиқарли эмас. Яхшиси менинг уйимга борамиз, уйда, билсанг, биродар гўзал хотиним кутяпти. У-бу дегандек, газак оламиз, граммофон қўйиб, мусиқа эшитамиз.

Суҳбат йўлда давом этди:

Шунча ўқисам ҳам ҳали-бери ромблардан дарак йўқ, дегин.

Ромблар йўқ. Айтгин-чи менга Костя, сен архитекторсан, эҳтимол сенда амалий тажриба бордир.

Жуда катта тажриба.

Дейлик, агар бино чизмасини олиб келишса, уни бемалол ўқий оласанда, албатта. Ҳисоб-китоблар ва ҳоказоларни текширасан, шундайми?

Нега мен? Бунинг учун архитекторларим бор. Нима мен уларни текинга ушлаб турибманми? Агар мен кун бўйи чизмаларни титкиласам, ишни ким қилади?

Демак, ўз зиммангга молиявий томонларни олибсан.

Йўўўқ, бу майда-чуйдаларни иқтисодчи ва ҳисобчиларимга топширганман. Ана шулар калькуляторда кечаю-кундуз ҳисоб-китоб қилишади. Ҳатто битта профессорим ҳам бор.

Иқтисодчиларинг бирор бир бемаъни нарсани қистириб кетишса-чи? Сен мутахассис эмассан-ку.

Журъат қилолмайди. Бунга сезгирлигим йўл қўймайди.

Ҳа, майли, муассасангда нима билан шуғулланасан? Қурилиш материаллари биланми? Бу соҳа жуда қизиқ бўлса керак.

Қурилиш материаллари мени қизиқтирмайди.

Шошма, сен катта тажриба эгасиман, деб айтдинг-ку.

Жуда катта. Ҳозирги ишимда бор-йўғи олти ойгина ишладим. Ундан олдин, сутчилик билан шуғуллангандим.

Чорвачилик мутахассисиман деб айтиб қўя қолмайсанми?

Ҳа, чўчқа билан қорамолни фарқлай оламан. Уч ой сутчиликда, ундан олдин чиқиндилар утилизациясида, ундан олдин мусиқа техникумида ишладим, Қизил хочда хизмат қилдим, бутун бир банкни бошқардим, толачилик комбинатида ва камида яна ўнта корхонада ҳар хил лавозимларда ишладим. Энди ҳаммасини эслай олмайман.

- Тушунмадим. Асосий касбинг нима ўзи?

- Наҳотки тушуна олмасанг. Мен умумий кўрсатма бериб бошқариб тураман.

- Ҳа, умумий бошқарув дегин, буни тушунаман. Ёдингда бўлса, ўн беш йиллар олдин мен чилангар, сен эса электромонтёр бўлиб ишлардинг... Эндиги касбинг шу экан-да...

- Қизиқ одам экансан, мен бошида айтдим, масъулиятли ходимман деб. Мана, Саша Зайцев ўқиди, ўқиди, мен бу вақт ичида ундан ўзиб кетдим. Кўплар ўқирди, мен эса ўқимасдан мансабчаларни эгаллаб олдим.

Ҳа, мансабчалар дегин. Энди тушунарли.

- Мана, сен дўстим, ҳарбий одамсан, - давом этди Костя, - лекин орденинг йўқ. Бу яхши эмас.

Орденим бор.

Наҳотки. Қаердан?

Бир ишда қатнашувдим. Хитой можаросида.

У ерда беришармиди? – бесаранжом бўлди Костя.

У ерда отишарди, - қуруқ жавоб берди қўмондон.

Нега уни тақиб юрмайсан?

Театрга тақиб борайми?

Ҳа-да. Бошқа яна қаерга? Айнан театрга, кўриб қолишсин-да! Эҳ, жангчи, уни қаерда яшириб қўйгансан?

Қутичада.

- Зўр жой топибсан. Уни кўришга қизиқяпман. Мана келдик, кел дўстим, кирақол... Уйимизда қизиқ нарсалар кўп.

Ҳақиқатан ҳам унинг уйида ўттиз беш ёшли кекса бола учун керак бўлган катта ўйинчоқлар тўплами бўларди: Польшадан келтирилган граммофон, динамикли радио, беш линзали, олти оёқли ва тасвирни катталаштирадиган асбобли фотоаппарат. Хотини уйда йўқ эди.

Ажойиб фотоаппарат, - деди кўмондон. – Сен яхши суратлар туширсанг керак.

Йўқ, - жавоб берди Костя, - жавонда овора бўла туриб, мендан суратчи чиқмайди, ростини айтсам вақтим ҳам йўқ.

Ҳа, майли, радиони қўй. У бутун дунёни қабул қилса керак. 

Костя радоини қўйиб, тугмачасини айлантирганди, қўланса миёвлаш эшитилди, у тезда радиони ўчирди.

- Биласанми, мен бу масалада мутахассис эмасман. Бизларникига Вова исмли қўшни бола келиб туради. Саккиз ёшли эпчил бола Копенгагендейсанми, Маменгагенми, барча станцияларини ушлай олади. 

- Ҳа, майли, - деди кўмондон хўрсиниб, – ҳеч бўлмаганда граммофонни қўй.

- Балки хотинимни кутармиз. У граммофонлар мутахассиси. Лекин ўзинг ёқиб кўришинг мумкин.

Костя граммофонни ёқишга киришди.

- Ҳа, дўстим, - деди у ўйчанлик билан тугмачани айлантира туриб, - кўриб турганингдек ҳамма нарсам бор: квартира, радио, чиройли хотиним, фақат орденим йўқ. Агар орден беришганда эди...

Шу ерда қисқа, совуқ чирсиллаган овоз эшитилди.

- Ана шунақа, - ҳайрон бўлди Костя, - пружина ёрилиб кетди. Айтувдим хотинимни кутайлик деб. Эссиз, яхши грамоффон эди. Импортми, экспортми... Энди нима қилсак экан? Кел, яхшиси газак қиламиз.

У қўлларини артиб стол томон яқинлашган эди, чироқ ўчиб қолди.

- Нима бало! – қоронғуликда унинг овози эшитилди. – Энди чироқсиз ўтирамизми?

- Нега чироқсиз? – деди қўмондон жаҳл билан. – Оддийгина пробка ёнган. Олиб тузатиб қўйсанг бўлади. Ахир бир пайтлар электромонтёр эдинг-ку.

- Қаёқда дейсан? Мен аллақачон ҳамма нарсани унутганман. Қайсиси анод, қайсиси катод... хотиним... э... йўқ мутахассисни чақиртириш керак.

У яна анча вақт қоронғуликда инқиллаб, шам излашга киришди.

Шам ёқилганда, хонада командир йўқ эди. 

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.