Мутолаа: Йигирма йилдан сўнг. Ҳикоя

 

О. Генри

Соат ҳали кечки ўн бўлишига қарамай, нам шамолнинг шиддатида ёмғир кутилиши сезилиб турарди ва кўча бўйлаб полициячи салобат билан ҳаракатланиб келарди. Унинг салобати йўлда камдан кам учрайдиган томошабинлар учун эмас, балки унинг доимийлигида эди.

Йўл-йўлакай эпчил ва ўзига хос ҳаракатлар билан таёғини силкитиб эшикларни текшириши ва ҳар томонга ҳушёр қарашлари орқали бу баланд бўйли, бақувват полициячи жамоат тинчлиги қўриқчисининг ажойиб намунаси эди. Унинг участкасида яшовчилар эрта уйқуга кетарди, фақат баъзи жойларда - тамаки дўкони ёки тунги клубда бир неча чироқ милтиллаб турарди. Идоралар томонидан эгалланган биноларнинг аксарияти аллақачон ёпиқ эди.

Даҳанинг ярмига етмасдан полициячининг ҳаракати секинлашди. Қоронғуликда, майда-чуйда металл буюмлар дўконига кириш жойида бир киши оғзида ёқилмаган сигара тутиб турарди. Полициячи унинг ёнига бориши билан нотаниш одам тезда гапира бошлади:

 - Ҳаммаси жойида, сержант, - деди у тинчлантирувчи оҳангда. – Мен дўстимни кутяпман. Ушбу учрашув тўғрисида биз у билан йигирма йил олдин келишиб олгандик. Бу сизга бироз ғалати туюляпти, шундай эмасми? Агар хоҳласангиз сизни бутунлай тинчлантириш учун аниқлик киритаман. Ҳозир мана бу дўкон бўлган жойда илгари “Катта Бреди” деб номланган ресторан бўларди.

- У уй бузилди, - деди полициячи, - беш йил олдин.

Эркак гугурт ёқиб, тамаки тутатди. Гугурт алангаси ўткир нигоҳли, рангпар, тўртбурчак жағли юзни ва унинг ўнг қоши ёнидаги майда оқ чандиқни ёритиб турарди. Бўйнидаги шарфида эса катта олмосли нина тўғнағич милтилларди.

 - Бугун, – давом этди нотаниш киши, - “Катта Бреди”нинг ресторанида энг яқин дўстим ва энг ажойиб йигит Жим Уэлс билан бирга овқатланганимга роппа-роса йигирма йил тўлди. Биз у билан шу ерда, Нью-Йоркда ака-ука сингари бирга ўсганмиз. Мен ўн саккизда, Жим эса йигирма ёшда эди. Эртасига мен ўз бахтимни излаш учун Ғарбга жўнаб кетдим. Жиммини Нью-Йоркдан олиб чиқиш умидсиз иш эди – у бу ерни бутун дунёдаги ягона муносиб жой эканлигига ишонарди. Ўша оқшом биз ҳаётимиз қандай бўлиши ва тақдир бизни қанчалик узоқлаштирган бўлишидан қатъи назар роппа-роса йигирма йилдан сўнг соатигача шу ерда учрашишга келишиб олдик. Биз шу йиллар давомида ҳаёт шароитимиз аниқланади ва ўз бахтимизни топишга улгурган бўламиз, деб ишонган эдик.

- Бу жуда қизиқ, - деди полициячи, - назаримда учрашувлар оралиғи бироз узоқ вақтга чўзилган бўлса ҳам. Айтингчи, сиз хайрлашишдан сўнг дўстингиз ҳақида бирор нарса эшитмаганмисиз?

- Йўқ, дастлаб биз ёзишиб турардик. Аммо бир-икки йилдан сўнг бир-биримизни йўқотиб қўйдик. Билсангиз, Ғарб унчалик кичкина макон эмас ва мен у бўйлаб жуда тез ҳаракат қилардим. Лекин шуни аниқ биламан: Жимми, агар у тирик бўлса, белгиланган жойга келади. Бутун дунёда ундан ишончли ва вафодор ўртоқ йўқ. У унутмайди. Менинг бу ерга ўз вақтида етиб келиш учун минглаб чақирим йўл босиб ўтганим ҳеч нарса эмас, агар Жим сўзида турса. 

У чўнтагидан қопқоғи кичик олмослар билан қопланган қойилмақом соатни чиқарди.

- Ўнгача уч дақиқа қолди, - деди у. – Ўшанда ресторан эшиги олдида хайрлашганимизда соат роппа-роса ўн эди.

- Чамамда Ғарбда ишларингиз ёмон кетмаган, - деди полициячи.

   - Нимасини айтасиз! Агар Жим менга қараганда ҳеч бўлмаганда ярим баравар омадли бўлган бўлса, хурсанд бўлардим. У жуда зўр йигит бўлса-да, бир оз бўшроқ эди. Қайноқ ҳаётда ўзимни ҳимоя қилиш учун жуда кўп чора излаб топишим керак бўларди. Нью-Йоркда киши тўнкага ўхшаб қолади. Фақат Ғарб одамларни йўниши мумкин.

Полициячи таёқчасини айлантириб олдинга қадам қўйди.

- Мен кетишим керак. Дўстингиз ўз вақтига келади, деган умиддаман. Сиз ундан жуда катта аниқликни талаб қилмасангиз керак? Шундай эмасми?

- Албатта. Уни камида ярим соат кутаман. Агар у тирик бўлса, шу вақтгача у албатта келиши керак эди. Хайр, сержант.

- Хайрли тун, жаноб, – полициячи йўл бўйлаб эшикларни текшириб, йўлида давом этди.

Майин ва совуқ ёмғир ёға бошлади ва камдан кам учрайдиган шамоллар аччиқ шамолга айланди. Бир неча пиёдалар жимгина, ғамгин кўриниш билан қўлларини чўнтагига тиқиб, ёқаларини юқорига кўтариб кўча бўйлаб шошиларди. Ёшлигида дўстига берган кулгили ваъдасини бажариш учун минглаб чақирим йўл босиб ўтган одам сигарет тутатиб кутиб турарди.

Яна 20 дақиқа ўтди, кўчанинг нариги томонидан узун пальто кийган баланд жуссали киши кўчадан ўтиб, тўғри дўконга кираверишдаги кутиб турган одамнинг олдига келди.

- Боб, сенмисан? – сўради яқинлашиб келаётган киши.

- Жимми Уэлс, бу сенсан? – тезда жавоб берди у.

- Вой, Худойим! – узун бўйли одам чинқириб юборди, қўлида сигарет тутган кишининг икки қўлидан ушлаб. – Бу кундай равшан ахир, Боб. Агар сен бу дунёда ҳали ҳам бор бўлсанг, бу ерда сени топишимга шубҳа қилмагандим. Хўш, хўш! Йигирма йил бу жуда катта вақт. Кўряпсанми, ресторанимиз ҳам бузилиб кетди. Афсус, биз худди ўша пайтдаги каби овқатланишимиз мумкин эди. Айт-чи дўстим, Ғарбдаги ҳаётинг қандай кечди?

- Ажойиб. Мен ундан хоҳлаган ҳамма нарсани олдим. Сен жуда ўзгариб кетибсан, Жим. Бўйинг анчагина қисқароқ эди, шундай эмасми?

- Ҳа, мен йигирма ёшга кирганимдан кейин ҳам бироз ўсдим.

- Сенинг ишларинг қалай, Жимми?

- Чидаса бўлади. Мен шаҳар муассасаларидан бирида хизмат қиламан. Хўш, Боб, кетдик. Мен бир бурчакни биламан, биз у ерда обдон гаплашамиз, олдинги кунларимизни эслаймиз.

Улар қўл ушлашиб кетди. Ғарбдан муваффақият билан қайтган одам эришган ютуқлари ҳақида сўзлай бошлади. Иккинчиси эса бошини деярли ёқасига тиқиб, қизиқиш билан тингларди.

Дорихона чироқлари кўчани ёритиб турган даҳанинг бурчагига яқинлашган иккала шерик бир вақтнинг ўзида ўгирилиб бир-бирининг юзига қаради.

Ғарбдан келган киши тўсатдан тўхтади ва қўлини бўшатди.

- Сиз Жим Уэлс эмассиз, - деди у. – Йигирма йил бу жуда узоқ вақт, аммо унчалик кўп эмаски, инсоннинг қирғий бурни тугмача бурунга айланиб қолса.

- Бу даврда баъзида инсофли одам ҳам фирибгарга айланиши мумкин, - жавоб берди баланд бўйли киши. - Гап шундаки, “Ипак” Боб, сиз ўн дақиқа давомида ҳибсга олингансиз. Чикагода сиз бизнинг ҳудудимизга ташриф буюришингиз тўғрисида тахмин қилинган эди ва телеграф орқали сиз билан суҳбат ўтказишимиз мумкинлиги тўғрисида хабар беришганди. Ўзингизни хотиржам тутасизми? Жуда оқилона қарор. Энди сизни полицияга топширишимдан олдин мен яна бир топшириқни бажаришим керак. Мана бу хат сизга. Сиз уни дераза ёнида ўқишингиз мумкин. Бу полиция ходими Уэлсдан.

Ғарбдан келган киши унга топширилган қоғозни очди. Мактубни ўқиб бўлгач, даставвал унинг қўли бироз титраб кетди. Мактуб қисқагина эди:

“Боб, белгиланган жойга вақтида етиб келдим. Гугурт ёққанингда мен Чикаго қидираётган одамни танидим. Ўзим буни уддалай олмадим ва фуқаро кийимидаги агентимизга сени ҳисбга олишни топширдим.

Жимми”.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.