Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Муттаҳамлик занжирини узиш керак

– Менга қара, агар тўйингга ишхонамдагиларни айтмасанг, мен ҳам бормайман. Уларнинг жиянлари тўй бўлганда борганман, ахир. Шарманда қиладиган бўлсанг, опа, дема мени.

– Бу нима деганингиз? Ўзингиз гувоҳсиз-ку, 5 йил Россияда, 2 йил қозоқда ишлаб, топганим бел оғриғи бўлди. Битта ўғилни уйлантириш учун бунча одамга зиёфат беролмайман. Шусиз ҳам қарзга тўй қиляпман.

– Бу мени қизиқтирмайди. Тўй кўпчилик билан бўлади. Эпласанг қил, бўлмаса...

Ўша куни Самандар аканинг боши қаттиқ оғриди.  Маслаҳат оши жон бозорига айланиб кетди. Тўйларининг бошида турадиган ота-онаси ўтиб кетишган, туғишганлари эса уни қўллаб-қувватлаш ўрнига жарликка итаришмоқда. Шундай қилиб, у опасининг ишхонасидан 10 кишини, бундан ташқари, унинг қудалари, аммаю холаларини ҳам айтадиган, аёлларга мато қўядиган бўлди. Акаси ва укаси улфатларини, синглиси дугоналарини рўйхатга киритишни унутишмади. Бир тарафда хотинининг қариндошлари, уларни хафа қилиб бўлармиди, ҳеч бўлмаганда, ўзиникиларга қилганича сарпо қилиши керак. Ҳали маҳалладошлари бор. Улар ҳам Самандар акани ҳар кўрганида, “Тўйлашарканмиз-да”, дея рўйхатга киритишига ишора қилишади. “Нималар бўляпти ўзи, – хаёлидан ўтказди Самандар ака. – Биз тўйни камчиқим, қурбимизга яраша қилмоқчи эдик-ку”.

Ҳа, пандемия чекиниб, кўкрагимизга озгина шамол теккан эди, эски “дард”имиз қўзиди. Тўй, кераксиз маъракалар, дабдабабозлик васвасаси яна авж олди. Ижтимоий тармоқлар пулдан сарпо кийганлар, даврага пул сочиб, ўзини кўз-кўз қилаётганлар видеоси билан тўлди. Яна исрофгарчилик, яна беҳаёлик, яна фаросатсизлик бошланди. Наҳотки мураккаб давр бизга шахс ёки жамият сифатида “улғайишимиз”га етмади, пандемия, унинг ортидан келган қимматчилик кўзимизни очмади? Кечагина, чекловлар амалда бўлган вақтда 30 кишилик тўй қилишга рози бўлиб турганлар бугун яна ҳунар кўрсатяпти-ку?!

Ёзаётганларимиздан мақсад яна эски гапларни қайтариш эмас. Пули, уни топишга кетган умрига ачинмаган инсон бировнинг насиҳатини қадрлармиди. Мақсад барчамиз ҳар куни кўраётган, билган ва энг ёмони, бефарқ қараётган айрим ҳақиқатлар юзидаги пардани очишдир.

Масалан, биз шу вақтгача катта тўйлар ҳақида гапирганда фақат тўй эгаларини айбдор қилдик. Аслида ҳам шундайми? Кузатувларимдан хулоса қилиб айтишим мумкинки, бугун тўй ҳаракатига тушганларнинг кўпчилиги аввал бошида уни камчиқим, фақат яқинлари даврасида ўтказишга ҳаракат қилишяпти. Ҳатто уларнинг “Карантин тартиби яна бир ойга қайтса эди, тўйимни камхаржгина қилиб ўтказиб олардим”, деганларини эшитдим. Демак, дабдабали тўйларнинг ортида бир ёки икки киши эмас, балки кўпчилик, таъбир жоиз бўлса, жамиятнинг ўзи турибди.

Қандай қилиб дейсизми? Марҳамат, тўйга таклифнома олганимизда нимани хаёлдан ўтказишимизни ўйлаб кўрайлик. Зиёфат, маишат, ўйин-кулгуни ўйлаймиз, шундайми? Тўй бошлаган биродаримизнинг вазияти билан бир чақалик ишимиз йўқ. Бу ёлғон дейдиганлар охирги маротаба кимга тўй учун беминнат ёрдам берди ёки тўйни ихчамлаштириш таклифини айтди? Ҳеч бўлмаса, “Мени ва оиламни тўйга айтмасанг ҳам хафа бўлмайман, имкониятингдан келиб чиқиб дастурхон ёз”, деган мард чиқдими орамиздан? Бизда ҳаммаси тескари-ку. Бошқа кўчада турувчи танишимиз тўй қилса ҳам мабодо бизни айтишни унутса, ғийбатини бошлаймиз. Тўйларни қисқартириш ҳақида соатлаб ваз ўқиймиз-у, ўзимизга келганда нафсимизни тия олмаймиз. “Еган оғиз уялар”, деган мақол бор. Эртага сиз ҳам тўй қиласиз.

Бу билан тўйларга борманг, даврага қўшилманг, демоқчи эмасмиз. Боринг, фақат инсоф билан, талаб қилиб эмас. Қолаверса, “Бир вақтлар ошини еганман, тўйимга айтмасам бўлмайди”, деган важларнинг ҳам даври ўтди. Жамиятимиз бўйнига илинган бу муттаҳамлик занжиридан қутулиш вақти келди, назаримда.

Охирги хулоса ўзингиздан.

Самандар ака масаласига келсак, бу ўйлаб топилган воқеа эмас. Ўша тўй жуда дабдабали ўтди, 400 нафарга яқин одамга жой қилиниб, дастурхонлар сархил ноз-неъматларга тўлдирилди. Тўй эгасидан бошқа ҳамма хурсанд эди ўшанда. Энг ёмони шундан кейин бошланди. Кўп ўтмай, куёвбола келинчагини уйда қолдириб, четга, қарзларини тўлаш учун пул топишга кетди. Келин эса бу тақдирга кўнмади, онасиникига қайтди. Ҳозир Самандар ака ҳам касал ҳолига қарамай, ўғлининг олдига кетган. Икковлон тўй қилиш учун яна пул йиғяпти.

Асқар БАРОТОВ.