Нафақа олиш тартиби осонлашди, бироқ тизимни алдаш эмас
Самарқанд туманида 6700 нафарга яқин ногиронлиги бор фуқаро истиқомат қилади. Шундан 1028 нафари болалардир. Туманга ташкил этилган пресс-турда ногиронлар ва кам таъминланган оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар ҳақида маълумот берилди.
Дастлаб журналистлар туман "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази фаолияти билан танишди. Марказнинг тиббий-ижтимоий экспорт комиссияси ҳам Самарқанд, ҳам Тойлоқ тумани аҳолиси учун хизмат кўрсатмоқда. Маълумотга кўра, унда бир кунда ўртача 12 нафар фуқаро кўрикдан ўтказилади. Зарурат бўлса, комиссия аъзолари фуқаронинг уйига борган ҳолда ҳам хизмат кўрсатиши мумкин.
— Илгари фуқарога ногиронлик белгиланиши ва нафақа тайинланиши мураккаб жараён бўлган, - дейди марказнинг ижтимоий тўловлар шуъбаси мудири Далер Саъдуллаев. – Ҳозир бунинг учун 3 иш куни кифоя қилади. Асосийси, фуқаролар овора бўлмайди, марказнинг ўзида барча иши битади. Тўловлар ҳам кечиктирилмай, ўз вақтида тўлаб берилмоқда. Мисол учун, шу ойда 4,200 миллиард сўмдан зиёд нафақалар эгаларига етказилди. Шундан 3,243 миллиарди ногиронларга тегишли.
Жараён тўлиқ рақамлаштирилган. Фуқароларда боқимандалик кайфиятини уйғотмаслик, пул ажратилишида қонунбузарликнинг олдини олиш мақсадида унда бир неча босқичли келишув тадбирлари олиб борилади. Ногиронликдан чиқарилган ёки моддий аҳволи яхшиланган фуқаролар автоматик шаклда тизимдан чиқарилади. Албатта, ногиронлиги бор фуқароларнинг жамиятдан ажралиб қолмаслиги, ўзига маъқул иш билан шуғулланишида ҳам кўмак берилмоқда. Хусусан, ўтган вақтда тумандаги 458 нафар ишга яроқли ногиронларнинг 109 нафари иш билан таъминланган. Паспорт билан шуғулланувчилар ҳам бор.
Яқинда туман тиббиёт бирлашмаси қошида ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш бўлими фаолият бошлади. Президентимизнинг тиббий реабилитация соҳасини такомиллаштириш юзасидан берган топшириқлари ижроси доирасида ташкил этилган бўлим 18 ўринга мўлжалланган. Унда ногиронлиги бор фуқароларнинг ҳаракатланиши, зарур тиббий муолажаларни олиши учун барча шароитлар яратилган.
— Оёғимда эндопротез ўрнатилган, II гуруҳ ногирониман, - дейди шу ерда муолажа олаётган Нозима Шукурова. – Протез ўрнатиш ҳам, реабилитация жараёнлари ҳам бепул экан. Бу ерда бизга яхши қарашяпти. Тезроқ соғайиб, фаол ҳаёт тарзига қайтишимиз учун барча имкониятлар бор.