Наримон Умаров: Сайловлар очиқ, шаффоф тарзда ўтказилиши маҳаллада муаммолар камайишини таъминлайди
Оқдарё тумани "Гўзалкент" маҳалла фуқаролар йиғинида 4584 нафар аҳоли истиқомат қилади. Бугун ҳудуд истиқболи учун муҳим бўлган пайтда маҳалланинг ҳар бир аъзоси бу жараёнга бефарқ қараб турмади.
Маҳалла раиси сайловида сайловчилар номидан 391 нафар вакиллар қатнашди. Аввал маҳалла фуқаролар йиғини раислигига номзодлар - Ҳимматжон Отамуродов ва Ҳусниддин Худойбердиев сайловчиларни ўзларининг сайловолди дастурлари билан таништирди. Шундан сўнг овоз бериш жараёни бошланди.
Мазкур маҳалла раиси сайловида сайлов жараёнларини бевосита кузатиш мақсадида вилоятимизда бўлиб турган Республика кўмаклашувчи комиссия аъзолари иштирок этди. Унда Олий Мажлис Сенати Қўмита раиси Наримон Умаров аҳоли ўз ҳудудида сайланадиган муносиб номзодга овоз бераётганини, сайловлар очиқ ва шаффоф ўтаётгани, бу эса маҳаллада муаммолар камайишини таъминлашини, хусусан, "Гўзалкент" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайлов бунинг намунаси эканини таъкидлади.
Сайлов натижаларига кўра, 75 фоиз сайловчилар овозини олган Ҳусниддин Худойбердиев "Гўзалкент" маҳалла фуқаролар йиғини раислигига сайланди.