Нарпай тумани имом хатиблари 230 дан зиёд кам таъминланган оилаларга ёрдам берди
Рўза буюк ибодат ва мўмин учун мислсиз имкониятдир. У кишида сабр, саховат, ирода, тўғрисўзлик, тартиб, нафсни жиловлаш, шафқат, ўзгалар дарди билан яшаш каби яхши хулқларни тарбиялайди, деб ёзмоқда sammuslim.uz. Бу улуғ ибодатнинг исломнинг беш рукнидан бири қилиниши ҳам бежиз эмас. Зеро, рўза ўз соҳибида мисли кўрилмаган хислат ва фазилатларни шакллантиради. Жумладан, муҳтожларга кўмак беришни ҳам.
Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, вояга етмаган фарзандлари бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш, соғликни тиклашда кўмаклашиш ва якка-ёлғиз қариялар, ногиронларга ёрдам кўрсатиш азалий қадриятларимиз, динимиз кўрсатмаларидандир.
“Нарпай тумани имом хатиблари Муборак Рамазон ойи давомида тумандаги 230 дан зиёд кам таъминланган хонадонларда бўлиб, уларнинг аҳволларидан хабар олдилар. Озиқ-овқат, рўзғор анжомлари, пул маблағларидан иборат жами 15 320 000 сўм миқдорда хайр қилинди. Албатта бу ишлар ҳомийлар ва “Вақф” хайрия жамоат фондининг вилоят филиали кўмагида амалга оширилди. Саховатпеша халқимиз ўзининг ҳимматини аямайди. Хабарларда бундай дейилган: “Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир”; “Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки у ҳар бир қоқинганида Парвардигор уни қўлидан тутиб туради”; “Сахийлик бамисоли жаннат дарахтларидан биридир. Унинг шохлари дунёга осилиб тушиб туради. Ким унинг шохларидан бирини тутиб олса, у жаннатга бошлаб боради. Бахиллик эса дўзах дарахтидир. Унинг шохлари дунёга чиқиб туради. Ким шу шохлардан бирини ушласа, уни дўзахга бошлаб боради”; “Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради”, - дейди туман бош имом хатиби Дилмурод Бектамишов.