Нарпайда битирувчиларининг барчаси талаба бўлган мактаб бор
Туманда 70 та мактаб бўлиб, 2022-2023 ўқув йилида бу таълим муассасаларини 2295 нафар ўқувчи тамомлаган. Уларнинг 191 нафари грант асосида, 495 нафари эса контракт асосида олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинган. Жами 686 нафар битирувчи талаба бўлиши натижасида туман бу йўналиш бўйича вилоятда 3-ўринни эгаллади.
17-умумий ўрта таълим мактаби туманда бошқа таълим муассасаларига намуна бўлиб келяпти. Ўтган ўқув йилида мактаб битирувчиларнинг барчаси талабаликка қабул қилинган.
- Таълим муассасамизда 1130 нафар ўқувчига 74 нафар ўқитувчи дарс беради, - дейди мактаб директори Марҳабо Жабборова. – Уларнинг 15 нафари олий тоифага эга. 2022-2023 ўқув йилида мактабимизни 17 нафар битирувчи тамомлаган бўлиб, уларнинг барчаси олий ўқув юртларига ўқишга кирди ва бу борада 100 фоизлик натижа кўрсатдик. Аҳамиятлиси, 5 нафари халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлиб, давлат гранти асосида нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Қолган 12 нафари тўлов шартнома асосида талаба бўлди.
Бундай натижага эришиш осон эмас. Бу, аввало, ота-оналарнинг фарзандларига берган тарбияси, ўқувчиларнинг қизиқишлари, интилишлари ва албатта, устозларнинг меҳнатлари самарасидир.
- Аввало, биз мактабдаги дарсларнинг сифатига алоҳида эътибор беряпмиз, - дейди М.Жабборова. – Аммо ўқувчини қўшимча тўгаракларга жалб этмасак яхши натижа кўрсатиш қийин. Шунинг учун мактабимизда 39 та фан ва спорт тўгараклари ташкил этилган. Уларнинг барчаси бепул хизмат кўрсатади. Мактабда ўқитувчиларнинг ҳар бир эришган натижаси мониторинг қилиб борилади. Самарали меҳнат қилаётган устозлар муносиб рағбатлантирилади.
Шунингдек, пуллик хизмат кўрсатувчи 2 та ўқув марказнинг филиали учун ҳам мактабдан жой ажратилган. Ўқувчилар пуллик тўгаракларда қўшимча таълим олиш истагида бўлса ҳам мактаб ҳовлисидан ташқарига чиқмайди.
Бу мактабни битирганлар орасида республикамизнинг турли ҳудудларидаги нуфузли ташкилотларда раҳбарлик қилаётган зиёлилар талай. Бугунги кунда фаолият олиб бораётган Ургут ва Нарпай туманлари ҳокимлари ҳам шу мактабда ўқиган.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.