Нарпайдаги 31 та, Пахтачидаги 17 та мактабга электрон доскалар топширилди
Замонавий билимларни эгаллашда электрон воситалар, компьютерларнинг аҳамияти катта. Айниқса, бугунги кунда ўқувчиларга интерактив электрон доскалардан фойдаланиш орқали мавзуларни тушунтириш таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Нарпай туманидаги 70 та умумтаълим мактабининг 39 тасида замонавий электрон доскалар мавжуд эди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудуддаги интерактив доскалари мавжуд бўлмаган 31 та умумтаълим мактабига ҳам янги электрон доскалар топширилди.
Худди шундай тадбир Пахтачи туманида ҳам бўлиб ўтди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан ҳудуддаги электрон доскалари мавжуд бўлмаган 17 та умумтаълим мактабига янги электрон доскалар совға қилинди.
Тадбирда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шаҳзод Эшонқулов кейинги йилларда юртимизда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирди. Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш ва замонавий билимлар беришда барча ўқитувчиларга омад тилади.
Шунингдек, тадбирда сунъий интеллектга асосланган рақамли таълим платформалари (Cerebry) дан фойдаланиш бўйича тақдимот ҳам ўтказилди.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати.