Нарх-наво байрам кайфиятини белгилайди

Пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш долзарб масала ҳисобланади. Ижтимоий тармоқларда фуқаролар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиб кетганлиги борасида кўплаб фикрлар билдирилди. Шунга мувофиқ, вилоят ҳокимлиги томонидан қиш-баҳор ойларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари нархи барқарорлигини таъминлаш бўйича зарур чоралар белгиланди.

Жумладан, картошка, сабзи, пиёз каби асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 76 минг тонна захираси яратилди. Вилоятимизда етиштирилмайдиган айрим турдаги маҳсулотларни четдан келтириш борасида ҳам 15 та импортёр корхона билан ҳамкорликда тизимли ишлар бажарилмоқда.

Умуман, бугун вилоятимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳолати қандайлиги аҳолини қизиқтиради.

Жорий йилда вилоятимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, айниқса, ғалладан бўшаган майдонларда маҳсулот етиштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 60 минг гектар майдонда такрорий экинлар экилди. Мисол учун, ҳар йили картошка 4-5 минг гектарга экилган бўлса, бу йил 9,5 минг гектарга экилди.

Ҳозирда вилоятимизда аҳоли эҳтиёжига нисбатан гўшт 122 фоиз, сут маҳсулотлари 200 фоиз, тухум 180 фоиз, ёғ маҳсулотлари 148 фоиз, картошка 312 фоиз кўп жамғарилган.

Аҳоли эҳтиёжи учун гуруч ва балиқ маҳсулотлари етишмайди. Шу сабабли Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидан 13 минг тонна гуруч келтиряпмиз.

Янги йил олдидан нарх-наво барқарорлигини таъминлаш учун барча деҳқон бозорларда арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилган. Унда фермерлар, савдо-харид корхоналари, ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини арзонлаштирилган нархларда аҳолига тақдим этмоқда. Бунинг эвазига бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархини барқарор сақлашга эришяпмиз. Лекин бу ҳали етарли эмас. Юртбошимизнинг топшириқлари асосида Тошкент шаҳридан арзон нархда ёғ, шакар, гуруч маҳсулотларини олиб келишни бошладик. Тез орада белгиланган нархларда савдони амалга ошириб, бу маҳсулотларни халқимизга етказиб беришга ҳаракат қиламиз.

Жамшид ЎРОҚОВ,

Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.