Ижтимоий тармоқларда қолипли нон нархи бўйича тарқалаётган хабарлар бўйича муносабат билдирилди
Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан қолипли нон нархи бўйича тезкор ўтказилган ўрганишларга кўра, Тошкент шаҳрида энг юқори — 2800 сўм, Қашқадарёда вилоятида энг паст — 1650 сўм, республика бўйича ўртача нарх эса — 2250 сўм экани аниқланди.
Шунингдек, ун маҳсулоти жорий йил июнь ойидан бошлаб биржа савдоларига етарли миқдорда қўйилмоқда ва бу жараён устидан доимий назорат ўрнатилган. Республикада ун маҳсулоти захираси шакллантирилган бўлиб, нарх-наволарнинг кескин ошиб кетмаслиги учун зарур миқдорда ун савдоларга қўйиб борилади.
Хусусан, жорий йил июнь ойида 170 минг тонна ун биржага қўйилиши, бунда ҳар бир нон ишлаб чиқарувчи учун тенг шароит яратиш мақсадида кичик лотларда (3 тоннадан) қўйилмоқда. Жорий йил 1 июнь ҳолатида 50,5 минг тоннадан ортиқ ун маҳсулоти қолдиғи мавжуд бўлиб, август ойида ҳам ун ишлаб чиқариш учун корхоналарда зарур дон захиралари мавжуд.
Ун маҳсулоти реализация қилинишининг бозор тамойилларига асосланган механизми жорий қилиниши, биринчи навбатда буғдой етиштирувчи фермер ва деҳқонлардан тортиб, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилар манфаатини кўзлаб қилинган қадам бўлиб, ушбу жараёнда шаффоф тизим яратилиши билан бирга, республиканинг энг чекка ҳудудларига ҳам маҳсулотнинг етиб борилиши назоратга олинган.
Шуни эътиборга олиб, нон ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар ҳамда аҳолидан бу борада хавотирга тушмасликларини, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган асосланманган маълумотларга ишониб, сунъий ажиотаж вужудга келтирмасликлари сўралган.
Агар бозорда сунъий танқислик юзага келиши ва нархларнинг кескин ошиб кетиш ҳолатларини кузатганингизда, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ишонч телефонига (71-207-47-00), Қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги Call-марказига (1159 қисқа рақам) ёки Қўмитанинг ахборот хизматига (71) 207-47-00 (ички 224) мурожаат қилишингиз мумкин.