NASA эртага Ерга келаётган астероидга қарши космик аппарат учиради
Ер ва Марс сайёралари орбитасида турли-туман ҳажмдаги астероидлар космик тезликда ҳаракат қилади. Гоҳида астероидлар ўз орбитасидан чиқиб, бошқа осмон жисмлари билан, жумладан, Ой, Ер, Марс билан тўқнашади ёки уларнинг ёнидан ўтиб кетади. Сайёрамиз кўплаб бундай тўқнашувларга учраган. Бундай тўқнашувлардан бирида бундан миллион йиллар олдин осмонга кўтарилган чанг ва тўзонлардан ерда ўсимликлар танқислиги пайдо бўлиб, оқибатда барча динозаврлар қирилиб кетганлиги тарихдан маълум.
Kўпинча ижтимоий тармоқларда Ерга жуда катта астероид яқинлашмоқда, деган хабарларни ўқиймиз. Астероидларнинг сайёрамизга хавф тўғдираётгани жаҳон олимларини ташвишлантириб келади. Ўз навбатида, олимлар ҳам бу муаммо устида бош қотиришмоқда.
Жумладан, Аэронавтика ва космик фазони тадқиқ қилиш миллий бошқармаси (NASA) 2017 йилдан бошлаб космосдан Еримиз томон учиб келаётган астероидларни у томон учирилган космик ракета билан тўқнаштириб, унинг траекториясини ўзгартиб юбориш масаласини ўрганиб келаётган эди. Бу масалада NASA 2019 йил SpaceX билан шу масала бўйича эксперимент ўтказишга келишиб олди.
Бугун интернетда тарқалган хабарларга кўра, эртага, 22 ноябрда, Тинч океан вақти билан соат 22:20 да NASA космосга “DART” космик аппаратини учиришни мўлжаллаган ва бу аппарат ўз орбитасида учиб келаётган астероид билан 2022 йилда тўқнашади. Олмлар бу уринишни астероиднинг ҳаракатини ўзгартишда самара беришига ишонтирмоқда.
“DART” двигатели атрофлича синовдан ўтказилиб, космик аппарат тўқнашадиган объект ҳам танланган. Бу объект “Didymos B”, “Didymos A” деб номланувчи бир-бирининг атрофида айланиб турадиган қўшалоқ астероид бўлиб, бирининг ўлчами 160 метр, иккинчисиники 780 метр. Бу астероид Ерга хавф тўғдирмасдан 2022 ва 2024 йилларда Еримизга яқинлашиб ўтар экан.
НАСА олимлари кейинги 100 йил ичида Еримизга катта хавф тўғдириши мумкин бўлган 23 та объектни ўрганиб чиқишган ва ўтказилаётган эксперимент сайёрамиз учун бўлажак хавфларни бартараф этишга қаратилган.
Ортиқ ПАРДАЕВ,
СамДУ профессори.