Насиҳатда зўрмиз. Амалда-чи?
Машинамга икки танишим ўтирди. Йўл-йўлакай тўйхонага ташлаб қўядиган бўлдим. Орқа ўриндиқда ўтиргани спорт қопчинимни кўриб гап қотди.
— Залга чиқасизми? Қаерда у? Қанча вақтдан бери?
Унинг барча саволларига жавоб бериб бўлганимдан кейин, ёнимда ўтиргани гапга қўшилди:
— Залга боришдан фойда йўқ. Тош кўтариш организм учун зарарли. Яхшиси, югуриш керак, қон айланади, нафас олиш йўллари очилади.
Бу шериги ҳам қўшимча қилди:
— Тўппа-тўғри, зал олифталар учун. Сиз сузишга боринг. Сузганда инсоннинг барча аъзоси чиниқади. Энг хавфсиз ва фойдали спорт шу. Ҳафтада икки кун борсангиз етади.
Энди вазиятни тушунтирай: Ёнимда ўтирганининг қорни тўй қозонидан ҳам катта, сал тез ҳаракат қилса, нафаси ичига тушиб, қора терга ботиб кетади. Сузишни маслаҳат бергани эса ашаддий кашанда. Қачон қараманг, бир қўлида сигарет, хириллаб йўталиб юради. Энг қизиғи, шу мавзу очилгунча иккиси тўйда қанақа ароқ қўйилиши-ю газакка нима яхши эканлигини муҳокама қилиб келаётган эди.
Эҳ, одамлар-а! Маслаҳат, насиҳат деса, ярим кун ваъз ўқийсиз-у, шу айтганларингизнинг лоақал ярмига амал қилмайсиз. Инсофни, беадаб одобни, бенамоз намоз ўқишни ўргатади-я, индамасанг. Иши юришиб кетган қўшнисининг саломига алик олмай қўядиганларга ҳам шу гап. Ўша қўшнисини кимдир мақтаб қолса, “бу ўзи унақа одам эмасди, бир гапи бордир-да!”, дея ҳамманинг юрагига шубҳа уруғини экасан. Ундан кўра, шу “зеҳн” ва вақтни ўз ҳаётингизни яхшилашга сарфласангиз-чи.
Насиҳат қилиш яхши, лекин уни билиб, ундан ҳам зўри – ўз тажрибасида синаб қилган минг карра маъқулроқ. Ақл етмаган жойда тилга эрк бериш шарт эмас, назаримда.
Асқар Баротов.