Кобра, гюрза, эфа каби илонлар заҳридан дорилар тайёрланмоқда

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманидаги хорижий корхонада илонлар ва бошқа заҳарли жонзотларни кўпайтириш ҳамда улар заҳридан тиббий ва косметик маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Чет эл инвестициялари асосида ташкил этилган корхонанинг умумий лойиҳа қиймати 20 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу лойиҳа доирасида давлат бюджетига тушум 5 миллион долларни ташкил этади. Айни пайтда эса 8 миллион долларлик экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ташқи бозорларга йўналтирилмоқда.

Корхона ҳузурида 10 мингдан ортиқ илон, 3 мингта бошқа судралиб юрувчилар ҳамда 20 мингдан зиёд ўргимчакларни парваришлашга мўлжалланган замонавий серпантарий ва террариумлар ташкил этилган.

— 2025 йилда корхонага 20 миллион долларлик қўшимча чет эл инвестициялари жалб қилиниб, илмий-ишлаб чиқариш комплекси барпо этилди, — дейди ушбу “BIOTECH RESEARCH and INNOVATION” масъулияти чекланган жамият шаклидаги хорижий корхона раҳбари Ботир Фаёзов. — Ушбу комплекс таркибига наслни тиклашга қаратилган реабилитация маркази, вивариум, тадқиқот лабораториялари, озуқа базаси ҳамда зардоб, дори-дармон ва косметик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўлимлари киради.
Шунингдек, лойиҳа доирасида йўқолиб кетиш хавфи остида турган илонлар, чаёнлар ва бошқа нодир жонзот турлари кўпайтирилиб, белгиланган тартибда табиий муҳитга қайтарилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида йўқолиб кетиш хавфи остида турган илонлар, чаёнлар ва бошқа нодир жонзот турлари кўпайтирилиб, белгиланган тартибда табиий муҳитга қайтарилади.