Илм ва маърифатга бағишланган ҳаёт:Убайдулла Уватов хотираси ёд этилади

Тошкент шаҳрида таниқли шарқшунос олим, таржимон ва жамоат арбоби Убайдулла Уватов хотирасига бағишланган илмий-маърифий тадбир ўтказилиши режалаштирилмоқда. Унинг таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан ташкил этилаётган мазкур анжуман доирасида “Мунаввар ҳаёт ва илм соҳиби” номли китоб тақдимоти ҳам бўлиб ўтиши кўзда тутилган.

Тадбир доирасида Убайдулла Уватовнинг сермазмун ҳаёт йўли ва илмий-педагогик фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилиши, шунингдек, юртимизнинг етакчи олимлари, академиклар ва зиёлилари иштирокида маърузалар тингланиши режалаштирилган. Иштирокчилар томонидан устознинг илм-фан ривожига қўшган улкан ҳиссаси, айниқса шарқшунослик, араб тили ва таржимонлик соҳаларидаги хизматлари алоҳида таъкидланади.

Маълумотларга кўра, Убайдулла Уватов 1940 йилда Қашқадарё вилоятида таваллуд топган бўлиб, ўз фаолияти давомида Тошкент давлат университети ва бошқа нуфузли илмий муассасаларда таълим олган ва меҳнат қилган. У араб мамлакатларида таржимон сифатида фаолият юритган, Ўзбекистон Фанлар академияси тизимида самарали ишлаган, шунингдек, Тошкент ислом университети ҳамда Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган.

Унинг илмий мероси, таржималари ва маърифий ишлари мамлакатимизда шарқшунослик илмининг ривожида муҳим ўрин тутади. Убайдулла Уватов нафақат олим, балки ёш кадрлар тарбиясига катта ҳисса қўшган фидойи устоз сифатида ҳам кенг эътироф этилган.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳамкорлигида ташкил этилиши режалаштирилган.

Мазкур тадбир бугун соат 11:00 да Темурийлар тарихи давлат музейининг кичик анжуманлар залида бўлиб ўтиши кўзда тутилган.