Навоийликлар муқаддас масканда: Имом Бухорий мажмуасига медиа-тур ташкил этилди
Навоий вилоятининг бир гуруҳ журналист, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида Пайариқ туманида янгидан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига медиа-тур ташкил этилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Журналистлар уюшмасининг вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган медиа-тур иштирокчилари дастлаб, зиёратгоҳ марказида жойлашган буюк муҳаддис, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг мақбарасини зиёрат қилдилар. Бу муқаддас маскан нафақат диний, балки улкан маънавий аҳамиятга эга экани билан алоҳида эътиборга молик.
Медиа-тур давомида иштирокчилар мажмуа ҳудудида барпо этилган замонавий ва бетакрор меъморий иншоотлар билан танишдилар. Ушбу мажмуа 45 гектар майдонни эгаллаб, 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъмурий бинолар ва 154 устунли миллий услубдаги айвондан иборат.
Шунингдек, мажмуа қошида ташкил этилган замонавий туризм маркази ҳам алоҳида эътиборга сазовор. 15 гектар майдонда жойлашган мазкур марказда меҳмонхоналар, автотураргоҳлар, хизмат кўрсатиш ва сервис нуқталари барпо этилган бўлиб, зиёратчилар учун барча қулайликлар яратилган. Илгари бир кунда 12 минг нафар зиёратчини қабул қилган мажмуа бугунги кунда 65 минг нафаргача зиёратчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.
- Шу йил 19 март куни Президент Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити арафасида ушбу мажмуага ташриф буюриб, амалга оширилган бунёдкорлик ишларини юқори баҳолаган эди, - дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Навоий вилояти бўлими раиси Отабек Аслонов. - Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Имом Бухорий ҳазратларининг ислом оламида тутган ўрнини алоҳида таъкидлаб, бу маскан бутун мусулмонлар учун маърифат ва эзгулик манбаи бўлиб хизмат қилишини қайд этди. Бугун биз мажмуага келиб бунинг гувоҳи бўлдик. Мажмуа таркибидаги инновацион музей медиа-тур иштирокчилари - ҳамкасбларимизда катта таассурот қолдирди. Илғор ахборот технологиялари асосида ташкил этилган 9 та павильондан иборат музейда Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаёти, илмий ва маънавий мероси, нодир асарлар ҳамда тарихий экспонатлар кенг ёритилганлиги бизни ҳайратда қолдирди.
Медиа-тур иштирокчилари мажмуада навоийлик аҳоли, газетхон ва телетомошабинлар учун туркум мақола, репортаж ва кўрсатувлар тайёрлашди.
Фазлиддин Рўзибоев.