Наврўз илҳомлари: Бугун элимда байрам
Наврўзжон
Бугун элимда байрам,
Қўлимга олдим қалам.
Қувончим олам-олам,
Ўйнаб келгайдир Наврўз,
Ота-бобом байрами,
Момо Ҳавом байрами,
Табиатнинг инъоми,
Сени соғиндим, Наврўз.
Бугун мен ўғил кўрдим,
Жуда ҳам хурсанд бўлдим,
Отини Наврўз қўйдим,
Қувнаб келгайдир Наврўз.
Наврўзжоним, Наврўзжон,
Бағринг жуда бепоён,
Тинчлик келтир ҳар бир он,
Куйлаб келгайдир Наврўз.
Ҳар бир киши ҳайқириб,
Куйлайди жўшиб-жўшиб,
Ёши юз ёшга етиб,
Алик олгайдир Наврўз.
***
Сазағоним
Сазағоннинг боғлари бор,
Осмонўпар тоғлари бор,
Келинчакдек лол қолдириб
Наврўз келди, келди баҳор!
Байрамларнинг зўри Наврўз
Тоғ қирларда эрийди муз.
Оламни буркаб гулларга
Таърифига етишмас сўз.
Қозонларда сумалаклар
Уни қўзғайди малаклар.
Қўзғай-қўзғай Яратгандан
Сўрайди яхши тилаклар.
Сазағоним - сўлим маскан
Кексалари юздан ошган.
Ишбилармон тадбиркорлар
Бу қишлоқда тўлиб-тошган.
Кекса ота-боболарим
Кекса она бувиларим.
Дуо қилинг, дуо қилинг,
Азиз ота-оналарим.
Бахтиёрман, Очил Саттор
Қўлларимдан тушмайди тор.
Янги Ўзбекистонимни
Куйлайман мен такрор-такрор.
Очил Сатторов,
Нуробод тумани, Товоқ-Булоқ қишлоғи.