Наврўз қачон пайдо бўлган, сумалак-чи?

Наврўз байрамининг келиб чиқиши ибтидоий тузум одамларининг далаларда янги иш мавсуми бошланишидан олдин ўтказган урф-одат ва анъаналарига бориб тақалади.

 Олимлар фикрига кўра, Наврўзнинг шаклланиши зардуштийлик динининг пайдо бўлишигача давом этган ва Хитойдан Ўрта ер денгизигача бўлган ҳудудларда яшовчи халқларнинг севимли айёми бўлиб келган. Ўша вақларда ҳам уруш-жанжаллар тўхтатилган, гина-кудуратлар кечириб юборилган.

Зардуштийликнинг муқаддас китоби “Авесто”га кўра, баҳор қайтиши яхшиликнинг ёвузлик устидан ғалабасини англатган. Наврўз атамаси Авесто тилидан олинган бўлиб, янги ёруғлик (кун) маъносини англатган. Бугунги форсчада “нав” янги, “рўз” кун, “янги кун” маъносини беради. Аҳамонийлар даврида Наврўзга ўхшаш байрам нишонлангани тўғрисида археологик топилмаларга таяниб олинган маълумотлар олимлар томонидан қайд этилган. Ушбу даврга оид ёзма манбаларда Наврўз атамаси учрамайди.

Манбаларда Турон ҳукмдори Афросиёб томонидан Наврўзга Эрон подшоҳи Сиёвуш ўлдирилган кун деб таъриф берилади. Шунингдек, бу кун янги йилнинг бошланиши сифатида алоҳида аҳамият касб этган. Кейинги йилларда олиб борилган тадқиқотлар зардуштийларнинг эътиқодида Наврўз байрами муҳим ўрин тутганлигини кўрсатади. Хусусан, Самарқанддаги Кофирқалъа ёдгорлигидан зардуштийларнинг ҳосилдорлик ва сув илоҳи ҳисобланган Нана акс этган ёғоч паннонинг топилиши фикримиз далилидир. Археолог-олим А.Бердимуродовнинг таъкидлашича, ёғоч панно Сўғд ҳукмдорларининг шаҳар ташқарисидаги саройида бўлиб, у жойлашган хона диний ва дунёвий маросимларни, жумладан, Наврўз ва Меҳржон байрамларини нишонлаш учун хизмат қилган.

Абулқосим Фирдавсийнииг “Шоҳнома”сида Наврўз байрами афсонавий подшоҳлар Қаюмарс ва Жамшид номи билан боғланади. Жумладан, Жамшид юртга яхшилик қилиш мақсадида одамларга касб ўргатади, темир эритиб қурол ясайди, ип йигириб кийим тўқийди, иморатлар барпо қилади, табиблик сирларини очади, кема ясайди, боғ бунёд қилади. Ишлари гуркираб, мева берганда, тахт ясатиб, унда осмонга кўтарилади. Ушбу афсонага кўра худди шу кундан бошлаб Наврўз нишонланган. Байрам ҳақидаги маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Умар Хайёмнинг “Наврўзнома” асарларида ҳам учрайди. Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк” асарида Наврўз, мавсум ва меҳнат билан боғлиқ маълумот ва намуналар келтирилган.

Тарихчи-олим Абу Бакр Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида Наврўз куни Бухоронинг сомонфурушлар дарвозаси ичкарисида жойлашган Сиёвуш қабри бошида тонг отишидан олдин ҳар бир эркак киши хўроз сўйиши ва бу одат уч минг йиллар аввал пайдо бўлганини ёзган. Қайд этилишича, Бухорода «Деҳқонлар наврўзи» март ойининг 21-санасида нишонланган. Бухоро деҳқонлари йил кунлари ҳисобини ўша кундан бошлаганлар. Оташпарастларнинг наврўзи ундан беш кун кейин келган. Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида ёзилишича, Наврўз “баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунича, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунича, ҳайвонларда [шаҳват] қўзғолишидан то насл вужудга келгунича ва ўсимлик униб чиқа бошлашидан такомиллашгунича давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган”.

Бундан ташқари, Табарийнинг “Тарихи Табарий”, Абу Райҳон Берунийнинг “Тафҳим”, “Қонуни Масъудий”, Масъудийнинг “Муруж аз-заҳаб”, Ҳофизи Абрунинг “Зубдат-ат-таворих”, Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маъоний” асарларида ҳам байрам ва унинг тарихига оид қайдлар мавжуд.

Исломнинг қабул қилиниши билан қадимий халқ байрами қонунийлаштирилди: масжидда ибодатлар ўқилди, муқаддас жойларга ташриф буюрилди. Наврўз байрами Аббосийлар халифалиги даврида дам олиш куни сифатида белгиланган. Халифалик заифлашганидан кейин Мовароуннаҳр ва Хуросонда вужудга келган маҳаллий сулолалар, хусусан, Сомонийлар ва Бувайҳийлар даврида Наврўзнинг мавқеи янада ошди. Айниқса, Бувайҳийлар Сосонийлар давридаги айрим одатларни яна қайтаради. Кейинги туркий сулолалар ва давлатлар ҳукм сурган даврларда ҳам Наврўзни нишонлаш давом этади. Эронда Исломий инқилобдан кейингина унга қараш ўзгарган бўлса, Салжуқийлар давлатида Султон Наврўзи кенг нишонланганлиги манбаларда қайд этилади.

Сумалак тарихи ҳақида

Темурийлар даврида Наврўз энг улуғ ва энг азиз, инсонларга чексиз қувонч улашувчи байрам сифатида нишонланган. Алишер Навоий ҳам ўз асарларида “Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсун Наврўз”, деб бежиз бу кунни алоҳида ёд этмаган.

Баҳор ва меҳнат байрамининг пайдо бўлиши ҳақидаги тарихий маълумотлар даврлар ўтиши билан турли ўзгаришларга учраб, шу кунларгача етиб келган. Барча қадимги афсоналарда эса бу умумхалқ байрамининг пайдо бўлиши аждодларимизнинг баҳор фасли ва кўкламги дала ишларининг бошланишига алоқадор удумларига боғланади.

Наврўз 21 мартдан 22 мартга ўтар кечаси “Қозон тўла” удуми билан бошланади. Шу оқшомда кечаси билан кўпчилик бўлиб сумалак ва ҳалим пиширилган. Бу таомлар қозони эртасига очилган. Наврўз “қозон тўладиган”, яъни қут-барака тантана қиладиган халқ байрами ҳисобланган.

Наврўз байрамини сумалаксиз тасаввур қилиш қийин. Бу таомнинг келиб чиқиши ҳақида ҳам аниқ манбалар мавжуд эмас. Халқ орасида мавжуд ривоятларда сумалак Ислом динига боғланади. Аммо ушбу таом қадимдан Туркистон, Эрон ва Кавказорти халқларининг байрамона таоми ҳисобланиб келинган. Маҳмуд Кошғарий ўзининг «Девону луғотит турк» асарида “Сума -ивитилган буғдой номи. Уни қуритиб туйилади. Сўнг ундан угра оши ва нон қилинади. Шарбат учун қилинган, ундирилган арпа учун ҳам бу сўз қўлланилади” деб қайд этади. Шунга кўра, “сумалак” - ивитилган буғдой ёки арпа маъносини англатувчи қадимги туркий калом «сума» дан келиб чиққан дейиш мумкин.

Наврўз байрамида нималар қилинган?

Асрлар ўтиши билан турли халқларда Наврўз байрамини ўтказиш маросимлари уларнинг турмуш тарзига, мафкурасига мослашган. Ҳозиргача Марказий Осиёда Наврўзнинг расмий ва норасмий тарзда нишонланиши хусусида махсус тадқиқотлар олиб борилмаган. Тарихчи олим Азим Маликов ўз тадқиқотида Бухоро ва Самарқандда Наврўзнинг нишонланиши, Ислом динининг ёйилиши ва руслар истилосидан кейинги трансформация жараёнларига тўхталиб, Наврўзни Ўрта Осиёнинг маданий жиҳатдан турли хил бўлган мусулмон аҳолиси ғояларини ўзида мужассам этган байрам сифатида таърифлаган. Ўзбекистон ҳудудида яшаган халқлар бу кунни янги йилнинг бошланиши сифатида қувонч билан кутиб олганлар. Байрамнинг биринчи куни қишлоқ жойларида болалар тўп-тўп бўлиб хонадонлар эшиги олдида Наврўзга бағишланган қўшиқлар айтишган. Хонадон эгаси уларни совға-салом ва егуликлар билан сийлаган. Бу удум ҳозир ҳам Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг айрим қишлоқларида сақланиб қолган.

Совет давлати тарихида биринчи марта оммавий Наврўз Озарбайжонда ўтказилган

1926 йилга келиб, совет ҳукумати томонидан социалистик республикаларда Наврўзнинг тақиқланиши билан уни нишонлаш бироз сусайди, аммо пассив кўринишда бўлса ҳам оилавий давраларда маросимлар амалга оширилиши тўхтамаган. ХХ асрнинг 60-йилларида совет давлати тарихида “илиқлик даври” сабаб баъзи миллий урф-одатларга рухсат берилади. 1967 йилда дастлаб Озарбайжонда биринчи марта оммавий Наврўз сайли уюштирилади.

Ҳозир юртимизда ҳам Наврўз умумхалқ байрами сифатида нишонланиб, 21 март дам олиш куни деб эълон қилинган. Ҳар йили шу куни республиканинг барча вилоятларидаги хиёбон ва майдонларда байрам сайиллари ташкил қилинади, концерт-томошалар уюштирилади. Юртимиз тарихи давомида кўплаб ҳукмрон сулолалар, динлар ва мафкуралар алмашган бўлса-да, халқимиз Наврўз байрамини ҳамон нишонлаб келмоқда.

Маҳмудхон Юнусов,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.