Назарбоевнинг жияни иши бўйича 230 миллион доллардан ортиқ заргарлик буюмлари Қозоғистонга қайтарилди
Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдиули унга қарши жиноий ишда қиймати 230 миллион доллардан ортиқ бўлган қимматбаҳо тошлар ва заргарлик буюмларини мамлакатга қайтарди. Бу ҳақда Қозоғистон коррупцияга қарши кураш агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.
"Қозоғистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги томонидан Қайрат Сатибалдиули ва бошқа шахсларга нисбатан жиноий йўл билан олинган пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни легаллаштириш (ювиш) фактлари бўйича судгача тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Хориж давлатларида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлар натижасида 230 миллион доллардан ортиқ эксклюзив қимматбаҳо тош ва заргарлик буюмлари давлат даромадига айлантирилди”, дейилади хабарда.
Агентликнинг қайд этишича, Сатибалдиули хорижий қимматли қоғозларга 300 миллион доллар сармоя киритганлиги аниқланган. Бу сумма ҳам яқин вақт ичида Қозоғистон бюджетига ўтказилиши керак.
26 сентябрь куни Қозоғистон суди Сатибалдиулини давлат маблағларини ўзлаштириш иши бўйича олти йилга озодликдан маҳрум қилди. 13 март куни Қозоғистон Коррупцияга қарши кураш хизмати Сатибалдиулини мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва “Казактелеком” АК маблағларини ўзлаштиришда гумон қилиб, қўлга олди. 17 март куни унга ва собиқ рафиқаси Гулмирага нисбатан тадбиркорлик субъектини босқинчилик йўли билан олиш факти бўйича тергов бошланди.
Сатибалдиули 1970 йилда туғилган. Ўтган йиллар давомида у Миллий хавфсизлик қўмитасида, ҳукмрон “Нур Отан” (ҳозирги “Аманат”) партиясида лавозимларда ишлаган ва тадбиркорлик билан шуғулланган.