Нефть маҳсулотларидан оқилона фойдаланяпмизми?
Хусусан, корхона-ташкилотлар, хўжалик юритувчи субъектларнинг мавжуд нефть ва газ маҳсулотларидан фойдаланишларида самарадорликка эришиш, уларни тежаш, асоссиз сарфланишига йўл қўймасликни таъминлашда инспекция фаолиятини янада такомиллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Чунки катта харажат ва машаққат эвазига қазиб олинаётган табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш мамлакат иқтисодиётига фойда келтиради.
Тўғри, бу борада инспекциямиз ўз ваколати доирасида зарур юмушларни олиб боряпти. Аммо табиий бойликлардан фойдаланишда самарага эришиш асосий мақсад саналади.
2017 йилда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши тасдиқлаган текширишлар режа-жадвалига асосан, нефть йўналиши бўйича 17 та хўжалик юритувчи субъектларда текшириш ўтказдик. Натижада 154 миллион 394 минг сўмлик 44,79 тонна нефть маҳсулотларидан самарасиз фойдаланганлик ҳолатлари аниқланди. Жумладан, 15,87 тонна нефть маҳсулотлари номувофиқ мақсадда ишлатилган, қабул қилиш, сақлаш ва тарқатишда 26,2 тонна, қишки мавсумда автомашина моторларини қиздиришда 1 тонна маҳсулот йўқотилган, 1,13 тонна меъёридан ортиқча сарфланган, 0,26 тонна асоссиз ҳисобдан чиқарилган ва 0,27 тонна камомад бўлган.
Бу каби ҳолатларнинг сабабларини ўрганиш мақсадида бўлимимизнинг кимё-назорат лабораториясида 124 та таҳлил ўтказилди. Таҳлиллар давомида 11 ҳолатда маҳсулотни сақлашда сифат бузилишига йўл қўйилгани ва нефть маҳсулотларини улгуржи сотишга мўлжалланган омборлар техник кўрикдан ўтказилмаганлиги аниқланди.
Жорий йилда табиий бойлигимизнинг беҳуда исроф бўлишининг олдини олиш, шунингдек, нефть ва газ маҳсулотларини сифатли сақлаш ҳамда истеъмолчиларга миқдор ва сифат жиҳатидан тўғри етказилишини таъминлашни назорат қилиш бўйича жойларда зарур тадбирлар ташкил этамиз. Айни кунда шу мақсадда махсус дастур ишлаб чиқилмоқда.
Икром МАХСУМОВ,
"Ўздавнефтгазинспекция" вилоят бўлими бош технологи.