Нега автобусларда “Tezcard” ишламаяпти?

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда карантиндан сўнг жамоат транспортининг босқичма-босқич аҳолига хизмат кўрсата бошлаши ҳақида кўплаб  хабарлар тарқалди. Ҳатто Самарқанд вилоят транспорт бошқармаси ташкил этган онлайн матбуот конференцияда ҳам бу ҳақда эълон қилинди. Аммо орадан неча кун ўтибдики, аҳолидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

«Автобус ҳайдовчиси, мендан 100 сўм йўл кира қиммат олди», «Автобус кондуктори йўловчиларга қайтим бермаяпти», «Нега, автобусларда “Teckard” тўлов тизими ишламаяпти», «Ҳайдовчилар ойлик йўл чипталари бўлса ҳам барибир пул беришимизни талаб қиляпти» каби саволлар билан таҳририятимизга қўнғироқ қилишмоқда.

Уларнинг безовталикларига сабаб бор-йўқлигига аниқлик киритиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги йўналишларда ҳаракат қилувчи жамоат транспортида юриб вазиятга ойдинлик киритдик.

Шаҳардаги 51-йўналишдаги автобусга чиққанимизда саноқлигина йўловчи бор экан. Улар йўл ҳақини фақат нақд пул билан тўлаб кетишмоқда. Ҳайдовчидан нега тўловни фақат нақд пулда олаётгани, нима учун электрон тўловдан фойдаланмаётганини сўрадик.

- Ишга чиққанимга икки кун бўлди, ҳали “Tezcard” ускунасини ишлатганим йўқ, дейди ҳайдовчи Ш.Валиев. – Ҳали бирорта йўловчи ҳам электрон чипталаридан пул тўламоқчилигини айтмади. Одамлар кам бўлса-да йўналишда қатнаяпмиз.

Ундан “Tezcard” тўлов тизими ускунаси, яъни валидатор борлигини сўраганимизда уни йўқотиб қўйганлиги сабабли кўрсата олмаслигини айтди.

Самарқанд темирйўл вокзали томон ҳаракатланаётган 3-автобусда ҳам шу аҳвол. Йўловчилар янги электрон тизимдан фойдаланиб тўловларни амалга ошира олмаяпти. Чунки «Сайқал транс» МЧЖга қарашли автобус ҳайдовчиси Р.Саъдиев ҳам ҳали электрон тўлов ускунасини ишлатгани йўқ.

- Менда йўловчи чиптаси бор, кеча ишлатган эдим, - дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Марҳабо Тўраева. – Аммо бугун учинчи марта автобусга минаётган бўлсам-да, ҳали фойдаланиш имконияти бўлмаяпти. Қайси ҳайдовчидан сўрасам, ҳали ишга туширилмаганлигини айтмоқда. 1,5 минг сўмдан тўлаб тушишга мажбур бўляпман. Майда йўқ деб қайтим ҳам беришмаяпти.  

«Архедия маторс» МЧЖга қарашли 18-йўналишда, «Суҳроб транс» МЧЖга қарашли 7-йўналишдаги автобуслар ҳайдовчилари ҳам янги тўлов тизимидан фойдаланмаётганлигини билдирди.

- Ҳудудимизга кириб келаётган барча автобусларга ушбу электрон тизимдан фойдаланишлари учун махсус валидатор мослаштириб берилган, - дейди Самарқанд темирйўл вокзали ёнидаги диспетчер пункти навбатчиси Маҳмуд Мансуров. – Аммо, улардан фойдаланувчилар сони кам. Ҳали кўпчилик йўловчилар «Йўловчи чиптаси» сотиб олмаган. Шунинг учун ҳам ҳайдовчи ва кондукторларимиз тўловни нақд пул шаклида қабул қилишга мажбур бўлишмоқда.     

Ўтган йили Самарқанд шаҳридаги барча жамоат транспортлари, яъни, автобус ва трамвайлар «тезкард» тўлов тизимидан фойдаланишга ўтказилган. “Tezcard” МЧЖ томонидан шаҳримизнинг Даҳбет, Мустақиллик, Буюк Ипак йўли, Беруний кўчаларида, шунингдек, Университет хиёбони каби 13 ҳудудда “Tezcard” йўловчи чипталари сотадиган шохобчалар ташкил этилган. Нақд пулсиз ишлайдиган тизим доимо автобусда юрадиганларга, жумладан, талаба ва ўқувчиларга маъқул келган эди. Аммо, кейинчалик ҳайдовчи ва кондукторлар валидатор ишламаётганини баҳона қилиб, йўловчилардан нақд пул беришларини талаб қила бошлади. Айниқса, карантин даврида бу тизим бутунлай тўхтаб қолди.

Беруний кўчасидаги чиптахонага борганимизда яқин орада бирор киши бу ерда фаолият кўрсатганига ишонмадик. Чунки шохобчада ўргимчак ин қуриб олганлиги буни исботлаб турибди. Шунингдек, Амир Темур ва Беруний кўчалари кесишмаси (Поварот)даги ва Мустақиллик кўчасидаги “Tezcard” чиптахоналари ҳам фаолият олиб бормаяпти.

- Самарқанд шаҳрида йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 22 та уюшманинг 460 тадан зиёд автобусларига  махсус валидаторлар ўрнатилган, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бош мутахассиси Элёр Раҳимов. – Икки йилдан буён “Tezcard” МЧЖ билан яқин ҳамкорликда ишлаб, электрон тўлов тизимини йўлга қўйган эдик. Афсуски, карантин туфайли, жамоат транспорти ҳаракати тўхтагач, тизим ҳам ишламай қолди. Энди бўлса, босқичма-босқич автобусларни ишга тушириб бораяпмиз. Жумладан, “Tezcard” чиптахоналарнинг ҳам фаолияти тикланиб, тажрибали мутахассислар билан таъминланади. Бугунги кунгача 5 минг дона “Tezcard” йўловчи чипталари олиб келганмиз. Тез орада уларнинг сонини яна кўпайтириш ниятидамиз.

Дилмурод Тўхтаев,

Бахтиёр Мустанов.