СамАТИ талабаларига мутахассислик дипломлари топширилди

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида “Ёшлар фестивали” доирасида 2024-2025 ўқув йили битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда жами 300 нафарга яқин битирувчи талаба олий маълумот тўғрисидаги мутахассислик дипломига эга бўлди.
Тадбирни очиб берган институт ректори, профессор Шавкат Ҳасанов барча ёшларни Ёшлар куни муносабати билан самимий табриклади. Битирувчиларни тўрт йиллик таълимни муваффақиятли якунлагани билан қутлаб, уларнинг келгусидаги касбий ва илмий фаолиятига зафарлар тилади.
Маросим давомида битирувчиларга дипломлар тантанали равишда топширилди. Уларнинг қувончига шерик бўлиш учун институтга келган ота-оналар устозларга ташаккур айтишди.
Тадбир сўнггида сўзга чиққан битирувчи талабалар институтда олган билим, устозларнинг эътибори ва яратиб берилган имкониятлар учун миннатдорчилик билдиришди.
Ушбу тадбир битирувчиларнинг ёдида унутилмас воқеа сифатида муҳрланиб, уларнинг ҳаётида янги босқич бошланишига замин яратди.