Йўл қоидасига қатъий амал қиласизми?

Агар барчамиз белгиланган йўл ҳаракати қоидаларига оғишмай амал қилсак, юзлаб, минглаб одамларнинг ҳаётини асраб қолган бўламиз.
Шунинг учун йўлда ЙПХ ходими биздан ҳайдовчилик гувоҳномасини, уловнинг техник кўриқдан ўтгани ҳақидаги ҳужжатни, дори қутичаси бор-йўқлигини, хавфсизлик камарини тақишни талаб қилса ёки уловга кўп юк ортилгани ҳақида огоҳлантирса, буни тўғри қабул қилишимиз керак. Бу ўзимизнинг ва ёнимиздаги ҳамроҳларимизнинг манзилга соғ-омон етиб олишимизни таъминлайди.
Афсуски, бугунги кунда ўзини ва бошқалар ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этмасдан, ўзбошимчалик билан автомобиль воситаларини бошқараётган шахслар ҳам учрамоқда.
Хусусан, 2025 йил 15 май куни Т.Ш. исмли фуқаро амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 12-банди талабларига амал қилмасдан, кеч соат 18:28 ларда ўзига тегишли “Дамас” русумли автотранспорт воситасини Иштихон туманида бошқариб кетаётганида тўхтатилиб, тиббий кўрикдан ўтказилганида, ушбу фуқаронинг маст ҳолатдалиги аниқланиб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисида Кодекснинг 131-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик юзасидан баённома расмийлаштирилган.
Фуқаро Т.Ш. тушунтириш хатлари, мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича алкотестер маълумотномаси ҳамда ишда тўпланган бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан мазкур ҳуқуқбузарликни содир этганликдаги айбдор эканлиги тўлиқ ўз тасдиғини топди.
Албатта, ҳар қандай содир этилган жиноят жазосиз қолмайди. Суд мажлисида унинг айбига иқрорлиги, содир этилган ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражаси инобатга олиниб, унга нисбатан қонун доирасида жазо тайинланди.
О.Маннатов,
жиноят ишлари бўйича Иштихон туман судининг тергов судьяси.