«Нега мен бундай яшайман?»

Биринчи киши сўрабди:

- Нега мен бундай яшайман? Тез-тез касал бўламан, омадсизлик доимо ҳамроҳим. Ўзимни гўёки, ҳар қандай муаммоларни ўзига тортиб олаётган магнитга ўхшатаман...

Ҳаёт унга жавоб берибди:

- Сен қасдма-қасдлик билан яшайсан. Ғазаб ва нафрат тузоғига тушиб, дунёдан ранжигансан. Ҳаётдан, атрофдагилардан севиниб, хурсандчилик билан яшаш керак. Шундагина бахтли бўласан.

Иккинчи киши сўрабди:

- Мен  кимдир билан ёки бирор нарса билан доимий курашда яшайман. Нега мен бундай яшайман? Кўпинча қилган ишим чиппакка чиқади?

Ҳаёт унга жавоб берибди:

- Чунки сен ўсмай қолган ўсмирга ўхшаб, исён кўтариб, ҳамма нарсага қаршилик кўрсатиб яшайсан. Ҳатто ўзингни ҳам тўхтата олмайсан. Шунинг учун ҳаётинг мураккаб ўтаяпти. Шукроналик билан яшаш керак. Шундагина бахтга эришасан.

Учинчи одам сўрабди:

- Мен-чи, мен нега бундай яшайман? Доим бировнинг измидаман, ўзимга ишончим йўқ...

Ҳаёт унга жавоб берибди:

- Сен одамлар ўзингга ҳасад қилишларини истаб яшайсан. Шундай яшагинки, улар сендан илҳомланиб яшасин, намуна олсин. Шундагина бахтли бўласан.

Тўртинчи одам сўрабди:

- Айтгин-чи, нега мен доимий стресс ва зўриқишлар билан яшайман?

Ҳаёт жавоб берибди:

- Сен бировга бирон нимани исбот қилмоқ учун яшайсан. Сенинг ҳаётинг «исботлашни талаб қилиш» теоремаси асосида шаклланган. Ҳеч кимга ҳеч нарсани исботлаш керак эмас. Ўзига эътибор талаб қилаётган одамларнинг руҳий қиёфаларини озиқлантириш учун жуда кўп вақт ва куч сарфлашдан кўра, Бахт аксиомаси қуршовида яшаш керак.

Бешинчи одам сўрабди:

- Менинг ҳаётим кети узилмайдиган умидсизликлардан иборат. Нега мен шундай яшайман?

Ҳаёт жавоб берди:

- Сен ҳаётингни кўз-кўз қилиб яшайсан. Ўзингни одамлар тўғрисида қайғураётгандек қилиб кўрсатсанг-да, сенда ҳақиқийлик йўқ?  Ҳаққонийлик билан яшасанг, бахтли бўла оласан?

Олтинчи киши айтди:

- Менинг ҳаётим ниҳоятда зерикарли. Мен учун ҳеч нарсанинг қизиғи йўқ…

Ҳаёт айтди:

- Ҳаётинг сенинг иштирокингсиз ўтаяпти. Сен гўё «донишманд тош балиқ»дек ундан яширингансан. Ҳаётга қизиқувчанлик қилсанг, у ҳам сени оралаб ўтмайди, сен билан қизиқади, сен билан қолади. Шунда бахт нималигини англаб етасан.

Еттинчи киши ҳам савол берибди:

- Менга ҳеч нарса хурсандчилик келтирмайди, мен ҳаётдан қониқмаяпман. Нега мен бундай яшайман?

Ҳаёт унга жавоб берди:

- Негаки, сен ўз ҳаёт йўлингни босиб ўтмаяпсан. Хурсандчиликлар ҳам сеники эмас. Бировга тақлид қилмасдан, ўзингнинг орзу-мақсадларинг, ҳиссиётларинг, китоб ва кинофильмлар, ўзинг севадиган мусиқа ва муносабатларингни топишинг керак. Ўзингнинг ҳаёт йўлингни топа олсанг, бахтли бўласан!

Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.