Нега қишда шолғом истеъмол қилиш керак?
Пазандаликда картошка каби оммабоп бўлмаса-да шолғомдан кўплаб фойдали таомларни тайёрлаш мумкин, чунки бу илдизмевали ўсимлик таркибида жуда кўп витамин ва минераллар мавжуд. Шунингдек, у табиий антибиотик ҳамдир.
Карам баргли ёки крестгуллилар оиласига мансуб шолғомнинг ватани Ғарбий Осиё, лекин уни ҳатто қадимги римликлар, мисрликлар ва юнонлар ҳам етиштирган. Умуман олганда гап фақат шолғомнинг илдиз мевалари ҳақида ҳам эмас. Ўсимликнинг ҳатто новдалари ва баргларини салатларга қўшиб, истеъмол қилса бўлади. Қуйида шолғомнинг фойдали хусусиятлари тўғрисида сўз юритилади.
Шакар миқдорини назорат қилади
Шолғом қондаги шакарни пасайтиради ва диабетга чалинган одамлар учун муҳим бўлган инсулин даражасини оширади. Ушбу маълумотлар шолғомнинг экстракти ва баргларининг диабетга қарши таъсирини ўрганиш пайтида олинган. Илдизли сабзавот жигарнинг глюкоза ишлаб чиқариши ва углеводлар сўрилишини пасайтиради.
Саратонга қарши курашиш хусусиятларга эга
Шолғом антиоксидант фаолликни таъминловчи биоактив ўсимлик бирикмалари - глюкозинолатларга бой. Улар оксидловчи стресс таъсирига қарши курашади. Шифокорлар глюкозинолат истеъмолини турли хил саратон турлари, шу жумладан ўпка саратони ривожланиш хавфини камайтириш билан боғлашади.
Яллиғланишга қарши
Танадаги яллиғланиш кўплаб сурункали масалан, артрит ва юқори қон босими касалликлари билан боғлиқ. Шолғом глюкозинолатлари яллиғланишга қарши хусусиятларга эга бўлган биологик фаол индоллар ва изотиоцианатлар каби ёрдамчи маҳсулотларга парчаланади. Шолғомдаги индол турларидан бири арвелексин яллиғланишда иштирок этадиган эркин радикал турли азот оксидини блоклайди.
Суякларга қалқон
Шолғом суякларни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Ундаги К витамини моддалар алмашинувида муҳим роль ўйнайди. Тадқиқотлар глюкозинолатлар суяк шаклланишига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатди.
Жигарни ҳимоя қилади
Флавоноидлар, антоцианлар ва олтингугурт бирикмаларини ўз ичига олган шолғом экстракти токсинлар тўпланишини камайтирувчи гепатопротектив фаоллиги билан ажралиб туради. Яқинда ўтказилган тадқиқотлар шолғомнинг жигар касалликлари билан боғлиқ муаммоларни даволашда фойдали таъсирини аниқлади.
Шолғом — шамоллашга қарши
Қайнатиб пиширилган шолғом шамоллашга қарши яхши восита. Уни гўшт билан пишириб, истеъмол қилинса кўкрак ва томоқ юмшашига эришиш мумкин. Барги пешоб ҳайдаш хусусиятига эга. Бунинг учун шолғомнинг 10 грамм барги 100 грамм сувда дамланади. Шолғом пиширилиб ёхуд хомлигича истеъмол қилинса, кўзга фойда, нафас йўлини яхшилайди, юрак безовталигида ажойиб малҳам бўла олади. Шолғомнинг асал билан аралаштирилган шарбати йўталга барҳам беради, ҳарорат кўтарилганида, томоқ оғриганда наф келтиради.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.