Нега Шоҳи Зинда мажмуасидан кошинлар ва бутун бошли мақбарани олиб кетишмоқчи бўлишган?..
Туркистоннинг Россия империясига қарамлиги йилларида қадимий шаҳарларимиздаги меъморий обидалар энг кўп азият чеккан эди. Қадимги ашёларни йиғиш ёки сотиш Марказий Осиёнинг катта шаҳарларида аввалдан мавжуд эди ва бу иш билан кўп ҳолларда заргарлар ва металлга ишлов берувчи усталар шуғулланишган. Улар хазина изламаган, қадимий ёдгорликларга тегмаган.
Аммо Россия истилосидан кейин вазият ўзгаради. Ҳудуднинг кўп асрлик бой тарихини ўзида мужассам этган қадимий ёдгорликлар дунё жамоатчилигини ўзига ром эта бошлайди ва уларга сайёҳларнинг талаби ортиб боради. Бу бир томондан ҳудуддаги қадимий ёдгорликлар ва буюмларга умумий қизиқишни вужудга келтирган (айниқса, олимлар ва мутахассислар) бўлса, иккинчи томондан қадимий ашёлар билан олиб борилган савдонинг ўсиши хазина изловчилар қатламини вужудга келтиради. Аҳолининг европалик қисми, истеъфодаги ҳарбийлар, сайёҳлар, умуман, шаҳарга оёғи етган ҳар бир киши Амир Темур давлати пойтахтидан “эсдалик”сиз кетмас эди. Ўша даврдаги газета саҳифаларида бу ҳақда кўп хабарлар ёзилган.
Коллекция йиғувчиларнинг асосий эътибори Самарқанддаги меъморий обидаларга қаратилган эди. Чунки, бу кўп билим ва меҳнат талаб қилмасди. Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондида XIX аср охири XX асрнинг биринчи ярмида Самарқанд обидаларининг ҳолатига доир ҳужжатлар сақланади. Мазкур ҳужжатларга кўра, Самарқанд обидалари кошинларини йиғиб Россияга юборган биринчи шахс Туркистон генерал-губернатори фон Кауфманнинг маслаҳатчиси, шарқшунос А.Кун бўлган. Туркистон генерал-губернаторининг археология комиссияси раиси граф С.Строгановга 1871 йил 13 мартдаги хатида А.Кун имзоси билан Самарқанд шаҳри қадимий бинолари вайроналаридан олинган кошинларнинг тўлиқ рўйхати келтирилган.
Ушбу рўйхатда Шоҳи Зинда ансамблидаги Амир Ҳусайн ибн Қора Қутлуғ ва болалари мақбараси, Амир Темурнинг синглиси, Амир Тарағайнинг қизи Ширин Бека мақбараси, Амир Темур томонидан қурилган масжид, Қутлуғ Турдибек Оқо мақбараси, Ўлжой энага қизи мақбарасининг кошин ва бошқа меъморий қисмлари жой олган.
Таъкидлаш жоизки, архив ҳужжатларида келтирилган рўйхатда ҳозирда биз билган Шоҳи Зинда ансамблида учрамайдиган мақбаралар номи келтирилган бўлиб, бу алоҳида тадқиқотни талаб этади. Ҳижрий 762 йилда қурилган, тахмин этилишича, Амир Темурнинг куёви Шоҳ Араб мақбараси, ўша вақтда аҳоли томонидан ойна хона деб аталувчи ҳижрий 888 йилда қурилган Амир Мусо мақбараси, қурилган йили сақланмаган Амир Ассад мақбараси, Амир Абу Тенги мақбараси, тахминларга кўра Темурнинг қизи Чучун Бекага тегишли мақбара шулар жумласидан. Айни пайтда асосий меъморий қоплама бўлаклари айнан мана шу обидалар (Амир Абу Тенги, Шоҳ Араб мақбаралари) дан олинган. Шоҳи Зинда ансамблидан 100 га яқин меъморий қопламалар, кошинлар, нақшли ғиштлар олиб кетилган.
Рўйхатда, шунингдек, Амир Темур (Бибихоним) жоме масжидидан 11 дона нақшинкор ғишт ва кошинлар, Регистон ансамблидаги Улуғбек мадрасасидан бино девори қисмларини безаб турган мозаикалардан олинган квадрат, Амир Темур мақбарасидан девор қисми ва минора фризларини безаб турган 10 бўлакдан иборат турли мозаикалар, деворга терилганда нақшлар ва ёзувларни ҳосил қилувчи 6 та кўк ва мовий сирланган ғиштлар, зиёратхонадаги Амир Темур ва унинг яқинлари қабртошларини ўраб турувчи мармар панжара қуйи боғлам бўлаги, мақбара ичи қуйи қатор цоколини ташкил этувчи тарашланган мармар тош безак бўлаги, олтибурчак кўринишидаги йўнилган мармардан ишланган ички цокол бўлаги, ўймакори ёғоч эшик бир тавақаси ҳам келтирилган. Юқоридаги ашёларнинг ҳаммаси комиссия томонидан император саройида ташкил этилаётган саноат музейи учун юборилади.
Улар билан бирга К.Кауфманнинг ихтиёрида бўлган Самарқанд арки (ҳозирги Кўксарой майдони) Бухоро дарвозаси яқинидан топилган Абу Саид ўғли Муҳаммад (ҳижрий 518 йил, милодий 1124-1125 йй.) қабридан олинган қабртош ва ёзувли иккита мармар плита ҳам комиссия ихтиёрига юборилган ва бу ашёлар Осиё музейидан жой олган.
1901 йилда император Александр III нинг Рус музейи томонидан рассом С.Дудин Туркистонга сафарга юборилади. Император археология комиссияси томонидан унга Туркистон ўлкасидаги давлат, жамоат ва бошқа кўринишдаги ерларда 1901 йил давомида қазиш ишларини ўтказиш учун рухсат берилади.
Бироқ С.Дудин томонидан археологик қазиш ишлари ўтказилмасдан, асосан Самарқанд обидаларининг меъморий қопламалари йиғилади ва Александр III нинг Рус музейига олиб кетилади. Ушбу топшириқни у 1895-1908 йиллар давомида бир неча марта муваффақият билан уддалайди.
Ёдгорликларнинг таланиши кейинги йилларда тўхтамайди. Комиссиянинг император саройи министрлигига ёзган 1906 йилдаги рапортида бу ҳақда шундай дейилади: “Туркистонда қадимий ашёларни талаган айбдорлар изланмаяпти, ёдгорликнинг сақланишига жавобгар бўлганлар эса жазога тортилмаяпти, оқибатда бу иш камайиш ўрнига кўпаймоқда. Самарқанд шаҳрида аввалига масжидларнинг катта бўлмаган кошинли қопламаларини олишди, энди эса бутун бошли паннони қўпоришмоқда, талончилар пистолет билан қуролланган. Ўғирланган кошинлар одатда бошқа ер музейларини безаш учун четга олиб чиқилади. Бу ёвузлик Каспийорти темирйўлининг ўтказилиши билан пайдо бўлди...”.
Ички ишлар министрлигида алоҳида топшириқлар бўйича амалдори А.Половцев билан боғлиқ воқеа ўша вақтда Самарқанд обидаларига бўлган муносабат қай аҳволда эканлиги хусусида тўлиқроқ тасаввур олиш имконини беради. 1901 йилда Петербургдаги барон Штиглицнинг техник чизиш билим юрти комиссиядан Самарқанддаги Шоҳи Зинда ансамбли деворларидаги сирланган турли рангдаги кошинлардан нусха олиш учун ўқув юрти кенгаши аъзоси А.Половцев номига рухсатнома расмийлаштириб беришни, маҳаллий ҳокимият вакиллари ушбу масалада Половцевга амалий ёрдам беришини таъминлашни сўраб мурожаат қилади.
Билим юрти ўзининг ушбу ҳаракатини кошинларнинг доимий ва аста-секин қулаб тушаётганлиги, Самарқандда юз берадиган доимий ер силкинишлари оқибатида ёдгорликка зарар етишидан хавфсираш, Шоҳи Зинда мақбаралари деворлари бутунлай вайрон бўлиш хавфи остида турганлиги, Ўрта Осиё санъатининг ушбу ажойиб ёдгорлигини кошинларини қўпориб олиш орқали сақлаб қолиш ва уни ўқув юрти музейига жойлаштириб, оммага намойиш этишни мақсад қилганлиги билан изоҳлайди.
Комиссия Шоҳи Зинда ансамблининг қисман ер силкиниши оқибатида вайрон бўлиш ёқасида турганлиги, тўкилиб кетаётган девор қопламалари талон-торож қилинаётганлигини ҳисобга олиб, “ҳеч бўлмаса битта илмий жиҳатдан қизиқарли бўлган қопламаларни сақлаб қолиш мақсадида” истисно тарзида Санкт-Петербург техник чизиш марказий ўқув юрти музейига олиб кетиш учун А.Половцевга ансамбль обидаларидан кошин қопламалари олишга рухсат беради ва бу ҳақда ўзининг 1901 йил 9 июлдаги 1230-сонли хатида Самарқанд вилояти ҳарбий губернаторига маълум қилади.
Бироқ Самарқанд ҳарбий губернатори Туркистон генерал-губернатори орқали ҳарбий министрликка йўллаган мактубида “кошин қопламаларнинг олиниши шусиз ҳам эътибордан четда қолиб келаётган ансамбль мақбараларининг тезда вайрон бўлишига сабаб бўлиши, сўзсиз ва табиий равишда мусулмонларнинг диний ва тенглик ҳиссиётларини ҳақорат қилиб, адолатли равишда улар томонидан норозилик келтириб чиқариши” мумкинлигини билдиради. А.Половцевга берилган рухсатномани бекор қилиш сўралади. Ўз навбатида ҳарбий министрлик Бош штаби Осиё қисми ўзининг 1901 йил 31 августдаги 48700-сонли мактубида бу ҳақда император саройи министрига билдиради.
Шундан сўнг комиссия 1901 йил 27 сентябрда император саройи министрлигига йўллаган 1589-сонли мактубида Туркистон ўлкасидаги маҳаллий маъмурият вакилларини қаттиқ танқид остига олади ва рухсатнома билан боғлиқ ўз позициясини қаттиқ туриб ҳимоя қилади. Мактубда комиссия темурийлар даврига тааллуқли Самарқанд обидалари, айниқса Амир Темур мақбараси ва Шоҳи Зинданинг баъзи мақбаралари бутунлай тўкилиб кетганлиги, уларнинг тез орада вайрон бўлиши мумкинлиги, обидалар қопламаларининг таланаётганлиги ва хорижга чиқиб кетаётганлиги, Самарқанддаги деярли барча обидаларнинг талончиларнинг қўли етадиган жойигача пастки қисми кошинли қопламалардан жудо бўлганлиги, маҳаллий маъмурият узоқ вақт давомида меъморий ёдгорликлар қопламаларининг талон-торож этилишига бефарқ қараб келганлигини маълум қилади. Шунингдек, у хатида фақатгина император Археология комиссиясининг қистови билан қадимий кошинлар билан савдо қилишни тақиқлаганлиги, 1897 йилда ўтиб-қайтувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш баҳонасида Бибихоним масжидининг муҳташам минораси юқори ярим қисми олиб ташланганлиги ва унинг кошинлари йўқ қилинганлиги, рус қалъасига яқин жойдаги XIV асрга оид бир ажойиб масжид майдон (эспланада) очиш учун портлатилиб ҳавога учирилганлигини билдириб, А.Половцевга топширилган ишларнинг амалга оширилиши мусулмонларнинг диний ва тенглик ҳиссиётларини ҳақорат қилмайди, деб ҳисоблашини ёзади.
Охир-оқибат А.Половцевга фақатгина “тўкилган алоҳида кошинларни” олишга рухсат этилади. Айни воқеага тегишли Комиссия архиви ҳужжатларида жараённинг қандай якун топганлиги ёки А.Половцев Шоҳи Зинда ансамблидан кошинлар олган ёки олмаганлиги ҳақида маълумотлар учрамайди. Бироқ А.Половцевга таянилиб ёзилган бошқа тадқиқотларда Петербургдаги барон Штиглицнинг техник чизиш билим юрти “XIV-XV асрларга оид Ўрта Осиё нақшлари ва ганч ўймакорлиги намуналарига эга бўлган”лиги келтирилади.
Маҳмудхон Юнусов,
музейшунос.