Нега шунақа?

Ёки қачонгача қайсидир тизимда фақат давлат раҳбари топшириғи билан иш кетиши, йиғилиб ётган муаммо ҳал этилиши керак?

Аввалроқ амалдаги қонунчиликка кўра, ўқитувчилар ўқув йили аввалида тиббий кўрикдан ўтишлари ШАРТлиги ҳақида ёзгандик. Амалда эса бу қоида ишламаётганлиги, қайси тиббий кўрик фақат қоғозларда бўлаётгани гумон остига олинганди.

Албатта, қораламаларимизда бироз истиҳола билан бу тартиб катта аҳамиятга эга эканлигини ва уни амалда ишлатиш зарурлигини билдирганмиз. Шу мақсадда уни вилоят халқ таълими, соғлиқни сақлаш бошқармалари ва касаба уюшмалари федерацияси вилоят Кенгашига юбордик.

Минг афсуски, улардан жўяли жавоб ололмадик. Ололмадик, деганимиз маъниси шундаки, касаба уюшмалари федерацияси вилоят Кенгашидан амалдаги тартиб битилган нома келди. Ваҳоланки, мақоламизда айни шулар ишламаётгани ҳақида ёзгандик.

Вилоят халқ таълими бошқармаси вазиятни сукут сақлаб кузатаётган бўлса, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси август ойида ўтказган акцияси рақамларини очиқлашни ҳам эп кўрмаяпти.

Шу ўринда сарлавҳадаги савол туғилади: Айрим ташкилотларда қонунларда белгиланган тартиб, жамоатчилик турткисидан кейин ҳам ишламайдими? 


Ёқубжон МАРҚАЕВ.