Никоҳдан ўтишда тиббий кўрик бекор қилинмади

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда, шунингдек, аҳоли орасида “энди никоҳдан олдинги мажбурий тиббий кўрик бекор бўлибди, ФҲДЁ органлари бу ҳақдаги ҳужжатни талаб қилмас экан” деган гап-сўзлар кўпайди.

Бу гаплар қанчалик асосли?

Гап шундаки, 8 сентябрь куни “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳада бюрократик тартиботларни тубдан қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

  2028 йилгача Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП my.gov.uz) ва давлат хизматлари марказлари орқали тақдим этиладиган хизматлар сонини 900 тага етказиш, проактив давлат хизматлари сонини 53 тага ҳамда композит давлат хизматларини 74 тага етказиш мақсадида мазкур ҳужжат билан давлат хизматлари кўрсатишда талаб қилинадиган ҳужжатлар сони қисқартирилди.

Жумладан, 2025 йил 1 декабрдан идоралараро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали никоҳни расмийлаштиришда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини тақдим қилиш талаби, никоҳдан суд қарори асосида ажратилганда никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини шакллантириш учун ФҲДЁ органлари томонидан суд қарорининг талаб қилиниши, автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасида автомототранспорт воситаси мулкдорининг манзилини кўрсатиш талаби бекор қилинади. ЯИДХПдаги шахсга доир маълумотлар уларнинг қоғоз шаклига тенглаштирилади.

Бу никоҳдан олдинги мажбурий тиббий кўрик бекор бўлди, дегани эмас. Кўрик амалдаги тартибда ўтказилаверади, фақат бу кўрик натижалари ҳақидаги маълумотнома қоғоз шаклини ФҲДЁ органига тақдим этиш талаб этилмайди. Бу маълумотлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олинади.

Шаҳноза Зокирова,

Самарқанд шаҳар 1-ФҲДЁ бўлими инспектори