Нима қилсак бола китоб ўқийди?

Бугун кўпчиликни ушбу савол қийнаяпти. Баъзилар интернет ҳаётимизга кириб келгач, китоб ўқиш унутилди, деб ҳисоблайди. Унда нега ривожланган Европа давлатларида одамлар ҳар куни китоб ўқишади, ҳатто жамоат транспортида ҳам газета, журнал, китоб ўқиб кетаётган кишиларни учратиш мумкин.

Газета ва журналларга ҳеч ким мажбурий обуна қилинмайди, аммо босма нашрлар миллионлаб нусхаларда чоп этилади ва сотилади. Хўш, интернет тезлиги ҳам, сифати ҳам юқори бўлган хорижий давлатларда нега одамлар биз каби китоб ўқишни унутиб қўймаяпти?

- Анъанавий китобхонлик удумдан қолган дейиш нотўғри бўлар, - дейди Англияда истиқомат қилувчи ватандошимиз Ҳабиба Раимова. - Буюк Британияда ўтказилган сўровлардан бирида туманли албионликларнинг 43 фоизи ҳафтада, ҳеч бўлмаганда, бир бор мутолаа қилишини айтган. 35 фоиз китобхонлар эса ҳафтасига бир неча марта вақт топса, сўралганларнинг 19 фоизи ҳар куни мутолаа билан машғул бўлишини билдирган.

Кузатиш учун эрта тонгда Лондон метросига тушинг. Вагонларда китобхонлар кўзга чалинади. Ҳар ким ўз ташвиши билан тирикчиликка отланган. Ҳар вагонда қарийб 10-15 киши мутолаа қилиб кетади. Билмаган ҳолда мен ҳам эргашганман бу анъанага. Эрталабки метро қатнови вақтида 10-15 саҳифа китоб ўқийман.

Бу ерда информация шу қадар кўп ва хилма-хилки, халқ янгиликларни истаса-истамаса эшитишга, кўришга, ўқишга мажбур. Бу ўз-ўзидан, “информацион тўқлик”ни келтириб чиқарган. Одамлар маънавий чанқоқликни “қондириш” учун нафақат онлайн манбаларга, балки оддий босма китобларга, газета-журналларга интилади. Шунингдек, китоблар нарх-навоси ҳам қиммат эмас. Ҳатто китоб ўқиш учун янги сотиб олиш шарт эмас, бепул мутолаа қилиш имконияти катта. Кутубхоналардан 3-4 ҳафтадан 1-2 йилгача исталган китобларни олиб мутолаа қилиш мумкин. Аъзо бўлишнинг ўзи етарли.

Бундан ташқари, хорижда ўқиш учун яратилган имкониятлар, манбалар хилма-хил. Масалан, емакхоналарда соатлаб мутолаа қилиш мумкин. Қаҳвахоналарда ўтириб ишлаш, изланиш, енгил таомлар истеъмол қилиб кун бўйи қолса бўлади. Бу ерда бундай махсус қаҳвахоналар жуда кўп.

Шунингдек, китобхонликни рағбатлантирувчи камсуқум, аммо ажойиб урф-одатлари бисёр. Дарсликлар, ўқув жараёнларида сиёсийлик меъёридан баланд эмас.

***

Бизда эса жамоат транспортида гўдакларнинг ҳам қўлида мобил телефон. Аслида алоқа воситаси сифатида яратилган телефон бугун ўйинчоққа айланган. Кўпинча жамоат транспортида ёш болаларнинг онасидан телефон сўраб хархаша қилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Она ҳам боланинг тинч ўтириши учун қўл телефонини беради. Гўдак ҳали ўқиш-ёзишни билмаса ҳам телефондан ўзига тегишли мультфильмни топиб кўришни билади. Аммо, ўша ўткир зеҳн мактабга боргач негадир ўтмаслашади. Хўш, нима қилсак болани китоб ўқишга қизиқтириш мумкин.

Азиза Сайдуллаева, Самарқанд шаҳридаги 24-умумий ўрта таълим мактаби олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси:

- Китоб ўқиганнинг онг-у тафаккури, дунёқараши кенг бўлади. Эзгулик йўлида барча машаққатларга қарши курашишда ўзида маънавий куч топа олади. Тўғри, замонавий технологиялар кенг тарқалган бугунги кунда болаларни китоб ўқишга қизиқтириш, уларни мутолаа жараёнига жалб этиш мураккаб вазифа бўлиб қолмоқда.

Хўш, бутун мамлакат бўйлаб китоб мутолаасига рағбатни ошириш, китобхонлар сафини янада кенгайтириш учун қандай ишлар амалга оширилиши керак? Нима қилинса ёшлар ва болалар китоб ўқишга жон-жаҳди билан интилади?

Бунинг учун, аввало, китобга олиб бориладиган йўллар яқин ва осон бўлиши керак. Таълим муассасаларида кутубхоналар қаерда жойлашганига эътибор берганмисиз? Одатда мактабнинг энг четида, кўримсиз, кимса бормас бир бурчагида бўлади. Ахир у таълим-тарбия, маънавий ва баркамоллик манбаи-ку.

Иккинчидан, кутубхона ходимларига нисбатан, кутубхоначиларнинг эса ўз ишига нисбатан муносабатини ўзгартириш керак. Китобхонликка оид семинарларда қандай қилиб болаларни китобга қизиқтириш, бу бўйича тажриба алмашиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этишга эмас, балки юқори ташкилотлардан келадиган текширувчиларнинг қандай ҳужжатларни текшириши, айни шу жиҳатдан камчиликларни қандай бартараф этишга қаратилади. Ахир, кутубхоначи ўз зиммасига юклатилган ишлардан ортиб китоб ўқишга ҳам вақт ажратиши, мутолаани жондан севиши  керак эмасми? Кутубхоначи китобхонга ёшидан келиб чиқиб бир неча китобларни таклиф қилса, ўша китоб ҳақида қизиқарли ҳикоялар, ўз таассуротларини айтиб берса, китобхон мутолаага берилиб кетмайдими? Ҳар куни шу нурли масканга ошиқмайдими? Аммо реал вазиятга разм солинса аксарият кутубхоналарда кадрлар қўнимсизлиги одатий ҳолга айланган, бор ходимлар ҳам китоб мутолаасидан мосуво.

Шунингдек, бола мансуб бўлган жамият, муҳит китоб ўқишга мойил бўлиши керак. Қўлига бирор марта китоб олмаган кишининг болага “китоб ўқи” деб буйруқ беришга ҳаққи йўқ. Рус ёзувчиси Макаренко “Болаларни бизнинг гап-сўзларимиз эмас, балки хатти-ҳаракатларимиз тарбиялайди”, деганда айни ҳақиқатни сўзлаган эди.

Ўқилган китобларни муҳокама қилиш, қандай китобларни мутолаа қилиш бўйича маслаҳатлар бериш, афсуски, оилаларда жуда кам учрайдиган ҳолат.

Китобхонликни тарғиб қилишда янги нашр қилинган асарлар рекламасини кенг йўлга қўйиш, мутолаани оммалаштириш бўйича ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш ҳам катта аҳамият касб этади. Маҳаллаларда китобхонлар клубини ташкил этиш, болалар учун китоб кечалари, ўқилган асарлар муҳокамалари, совринли танловларни ташкил этиш, китоб ўқишга қулай ўқув заллари, китобларни ижарага бериш, қарзга ёки пулини бўлиб тўлаш механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этиш мумкин.

Ўқувчиларни бадиий асар мутолаасига қизиқтириш учун дарс жараёнида қандай усулларни қўллашимиз керак? Мен қуйидаги усулни сизга тавсия этмоқчиман. Масалан, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидаги Отабек образи, Асқад Мухторнинг “Чинор” романидаги Акбарали образи ёки Саид Аҳмаднинг “Уфқ” трилогиясидаги “Ҳижрон кунлари” қисмининг бош қаҳрамони Турсунбой қисматини таҳлил қилишимиз мумкин. Бадиий асарни, қаҳрамонлар ҳаётини таҳлил қилиш билан ўқувчида беихтиёр ўз ҳаётини таҳлил қилиш фикри уйғонади. Ўқувчи ўзининг кучли, кучсиз томонларини, имкониятларини англаб иш юрита бошлайди. Олдида турган тўсиқларни, хавф-хатарларни бартараф этишга ҳаракат қилади. Ўқувчида ўзининг мустақил ҳаётини, келажагини қуриш ҳақида фикр-мулоҳазалар пайдо бўлади, орзулари ҳақида мушоҳада юритади. Ўша асар қаҳрамонларини яқиндан билиш мақсадида қўлига китоб олади.

Шунингдек, мактабда адабиёт ўқитувчилари, кутубхоначи ўқувчилар билан китоб тақдимотлари, ғазалхонлик, шеърхонлик кечалари, асарлар бўйича саҳна кўринишлари асосида турли тадбирлар ташкил этилиши керак.

***

Дарҳақиқат, китобга муҳаббат, аввало, оиладан бошланади. Болани китоб ўқишга қизиқтиришнинг турли усуллари бор. Масалан, бизга бувим ҳар куни уйқудан олдин эртак айтиб берарди. Бувимнинг бир-биридан қизиқарли эртакларини сўзма-сўз ёдлаб олган бўлсак ҳам ҳар куни эшитишни истардик. Мактабга бориб ўқишни ўрганиб олганимдан сўнг ўзим эртак китоблар ўқий бошладим. Қишлоғимизда мўъжаз кутубхона бўлиб, ундаги барча эртак китобларни ўқиб чиқдим. Бир куни кутубхоначи Онахон опа энди катта қиз бўлиб қолдинг, бадиий китоблар ўқисанг ҳам бўлади, деб менга бир-иккита китобларни тавсия этди. Шундан сўнг бадиий китобларга меҳр қўйдим.

Адабиёт фани ўқитувчимиз Меҳринисо Мамараҳимова ҳар гал дарсда битта бадиий китобнинг энг қизиқ жойидан парча айтиб берар ва қолганини ўзларингиз ўқинглар дерди. Ўқитувчимнинг мана шу услуби ҳам бизни китобга қизиқишимизни орттирди. Шунингдек, мавзуга оид асар қаҳрамонларини бирма бир таҳлил қилардик.

Ота-онам билан туман марказидаги китоб дўконига борсам, албатта танлаган китобимни сотиб олиб беришарди. Бола китобга меҳр қўйиши учун уйида китоб жавон бўлиши ва катталар ҳам китоб ўқиб туриши шарт ва зарур.

Шунингдек, мактабларда тарих фани кўпроқ ўтилиши керак. Сабаби, тарихни ва тарихини яхши билган авлод китоб ўқимасдан қолмайди.

Хуршида Эрназарова.