Ногиронлиги бўлган кишиларга ногиронлар аравачаси, эшитиш мосламалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар берилди

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида 3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан «Инсон қадри учун» шиори остида хайрия акцияси бўлиб ўтди.

Вилоятдаги бошқарма ва идоралар, жамоат ташкилотлари, олий ўқув юртлари вакиллари ҳамда ҳомийлар иштирок этган тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Маматқулов, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ф.Тошев мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётганини таъкидлади.

Хайрия акциясида ногиронлиги бўлган кишиларга 26 та ногиронлар аравачаси, 3 та эшитиш мосламаси, 10 дона ҳасса ва қўлтиқтаёқлар берилди.

- Туғма ногирон бўлсам-да, бир умр ҳаракатдан тўхтаганим йўқ, - дейди Жомбой тумани Ногаҳон маҳалласида яшовчи, I гуруҳ ногирони Азамат Ортиқов. – 15 йилдан буён турмуш ўртоғим, икки фарзандим кўмагида ҳаракатланиб келардим. Бироқ кейинги йилларда фалажланиш бошқа қўл ва оёқларимга кўча бошлагач, ногиронлар аравачасига эҳтиёж пайдо бўлди. Давлатимиз томонидан биз каби инсонларга кўрсатилаётган кўмакдан бошимиз осмонга етмоқда. Яқинда вилоят ҳокимлиги оиламизга тикув машинаси совға қилган эди. Энди эса ногиронлар аравачасини қабул қилиб олдим.

Байрам тадбирлари Самарқанд шаҳридаги «Зилол бахт» базмгоҳига кўчди. 200 нафарга яқин имконияти чекланган шахслар ва уларнинг ҳамроҳлари учун байрам дастурхони ёзилди.

Хайрия акцияси тадбирлари меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатлар, саховат ва мурувват уйларида ҳам ташкил этилди.

Дилмурод Тўхтаев.