Ногиронлиги бўлган ўқитувчидан ундирилган ортиқча пуллар қайтарилади

Тойлоқ тумани адлия бўлими туман халқ таълими бўлимига нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилди. Бунинг сабаби нима эди?

Аниқланишича, Файзиобод маҳалласида яшовчи фуқаро А.Қ. тумандаги 42-сонли умумий ўрта таълим мактабида 2015 йилдан буён ишлаб келади. Тегишли тиббий маълумотга кўра, унга ногиронлик белгиланган. Амалдаги Солиқ кодексига асосан эса болаликдан ногиронлиги бўлган, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар солиқ солишдан қисман озод этилиши белгиланган. Халқ таълими бўлими томонидан эса фуқаронинг иш ҳақидан ортиқча даромад солиғи ушлаб қолинган. Ҳуқуқлари бузилган ўқитувчи адлия бўлимига мурожаат қилди.

Адлия бўлими томонидан ҳолатга аниқлик киритилиб, фуқаронинг иш ҳақидан 2022 йил 12 ойи ҳамда 2023 йилнинг январь ойида жами бўлиб 6 122 047 сўм миқдорида даромад солиғи ушлангани маълум бўлди. Ортиқча ундирилган ушбу пулларни қайтариш юзасидан адлия бўлими фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро судига даъво аризаси киритди. Суд жараёнида мазкур ҳолат ўз тасдиғини топиб, даъво талабини қаноатлантириш тўғрисида хулосага келинди ва суд фуқаро А.Қ. фойдасига 4 548 147 сўм ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Самарқанд вилояти адлия бошқармаси.