Ноқонуний қурилишларга барҳам берилади(ми?)
Вилоятда ноқонуний қурилишларни аниқлаш, уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар мутлақо қониқарсиз. Вилоят қурилиш бошқармаси, қурилиш назорат инспекцияси, жойлардаги ҳокимликлар бу ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Оқибатда ноқонуний қурилишлар сони йил бошига нисбатан 95 тага ошиб, 440 тага етган.
Вилоят ҳокими раҳбарлигида ўтказилган муҳокамада маълумот берилишича, инспекция томонидан бор-йўғи 112 та (25 фоиз) ноқонуний қурилмаларни буздириш бўйича судларга даъво ариза киритилган.
Судлар томонидан эса 45 та объектни буздириш бўйича қарорлар чиқарилган бўлса-да, Мажбурий ижро бюроси томонидан объектларда бузиш ишлари бошланмаган.
Бу масалага шаҳар ва туман ҳокимлари ҳам томошабин бўлиб ўтирибди. Оқибатда ноқонуний қурилишлар сони борган сари кўпайиб бормоқда.
Ҳудудлардаги қурилиш бўлимлари томонидан объектлар устидан етарли назорат ўрнатилмаган. Мисол учун, Самарқанд шаҳар қурилиш бўлими томонидан Зиёкорлар маҳалласида “Yuksel Group Sam” масъулияти чекланган жамиятига якка тартибда уй-жой қуришга рухсат берилган. Бироқ етарли назорат йўқлиги сабабли фуқаро томонидан якка тартибда эмас, балки кўп қаватли уй-жой қурмоқда.
Бундан ташқари, ҳали фойдаланишга топширилмаган 41 та объект электр, газ, сув таъминотига уланиб, тўлақонли фаолият кўрсатмоқда.
Нима сабабдан электр, газ ва сув таъминоти корхоналари уларнинг тармоққа уланишига рухсат берган? Рухсат бермаган бўлса, нега тармоққа уланиши ҳолатига кўз юмиб келмоқда?
Мисол учун, Самарқанд шаҳар Нарпай кўчасидаги “Селхозтехника” ва Кимёгарлар шаҳарчаси 29-даҳасидаги “Хуршид Барака Сервис” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан қурилган кўп қаватли уй-жойларда аҳоли яшаб келмоқда.
Шундай ҳолатларни кўрган бошқа қурувчилар ҳам объектни топширмасдан, давлатга солиқ тўламасдан ҳам фаолият кўрсатса бўлар экан, деган хаёлда бинони топширмасдан юрибди.
Бугунги кунда қурилиш муддати тугаган 644 та объект фойдаланишга топширилмаган. Бунинг оқибатида давлат бюджетига ҳам солиқ тушумлари ундирилмаяпти.
Вилоят ҳокими раҳбарлигидаги муҳокамаларда вилоят қурилиш бошқармаси (Б.Негматов), қурилишда назорат инспекцияси (А.Шукуров), Мажбурий ижро бюроси ва шаҳар, туман ҳокимликлари билан биргаликда ноқонуний қурилишларга барҳам бериш бўйича иш услубини кескин ўзгартириб, зарур чораларни кўриши кераклиги билдирилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари (Н.Раҳмонов) ноқонуний қурилишларни бартараф этиш бўйича қаттиқ назорат ўрнатиб, амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳар ҳафта вилоят ҳокимига ахборот киритиб бориши белгиланди.