Ноқонуний савдо билан шуғулланаётган фуқароларнинг 70 миллион сўмликдан зиёд тилла буюмлари олиб қўйилди

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ўртасида профилактик суҳбатлар, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, амалдаги қонун-қоидаларга риоя этмайдиган фуқаролар ҳам учраб турибди. Ташкил этилаётган назорат тадбирларида бундай тоифадагиларнинг ноқонуний фаолияти вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг эътиборидан четда қолмаяпти.

Жумладан, Жомбой туманидаги назорат тадбирида пайариқлик Хуршида Кубаеванинг “Журият” деҳқон бозорида тилла буюмлар билан ҳужжатсиз савдо қилаётгани маълум бўлди. Натижада “тадбиркор”нинг 22 миллион 350 минг 600 сўмлик тилла тақинчоқлари далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Тойлоқ туманида яшовчи Гулшода Турдиева заргарлик буюмлари билан савдо қилиш учун лицензия олиш зарурлигини унутиб қўйган кўринади. Акс ҳолда у “Ургут савдо комплекси”да тилла тақинчоқлар савдоси билан ноқонуний равишда шуғулланмаган бўларди. Назорат тадбирида Г.Турдиеванинг қилмиши фош бўлиб, ундан қиймати 26 миллион 362 минг 400 сўмлик тилла тақинчоқлар олиб қўйилди.

Самарқандлик Муқаддас Акибова ҳам “Ургут савдо комплекси”да заргарлик буюмлари билан ҳужжатсиз савдо қилишдан тап тортмади. Ўтказилган назорат тадбирида унинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзага чиқиб, ундан қиймати 21 миллион 754 минг 100 сўмлик тилла тақинчоқлар далилий ашё сифатида олинди.

Умид АЛИМОВ,

Самарқанд вилояти давлат солиқ

бошқармаси матбуот хизмати ходими.