Нотариус уйда хизмат кўрсатиши мумкин

Савол: Бетоблигим сабабли нотариал идорага боролмайман. Нотариуслар томонидан сайёр тартибда нотариал ҳаракат амалга ошириладими?

Э.Эгамов, Ургут тумани  

Жавоб: Ҳа, нотариус томонидан битим нотариал идора биносида ёки мурожаат қилувчиларнинг талабига кўра сайёр тартибда расмийлаштирилиши мумкин.

Битим нотариал идора биносидан ташқарида бажарилса, ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида битим расмийлаштирилган жойнинг манзили кўрсатилади ва битимни расмийлаштириш ҳамда имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видеода қайд этилади.

Битимни расмийлаштириш жараёнини аудио ва видео қайд этишда нотариус ва нотариал ҳаракатни амалга оширишда иштирок этувчи шахслар тасвирга тўлиқ туширилиши шарт. Бунда нотариус томонидан қандай турдаги нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги, нотариал ҳаракат мазмуни, аҳамияти нотариус томонидан овоз чиқариб тарафларга тушунтириб берилганлиги ҳамда ҳужжат матни билан тарафлар тўлиқ танишганлиги ва уларнинг асл мақсадига мувофиқлигини тасдиқлаган ҳолда имзолаш ҳамда бармоқ изларини «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимида сканер қилиш жараёни тўлиқ аудио ва видео қайд этилиши лозим.

 Мурожаат қилувчи битимни расмийлаштириш учун нотариал идорага ўзи келиб мурожаат қилади ёки нотариус хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёхуд «E-notarius.uz» ахборот портали орқали рўйхатдан ўтади.

Нотариус тизим орқали келиб тушган электрон мурожаатларни кўриб чиқиши ва белгиланган муддатда мурожаат қилган шахсларни қабул қилиши лозим.

Мурожаат қилувчи электрон тармоқ орқали нотариус қабулига навбатга ёзилиши, шунингдек битим расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни жўнатган ҳолда тегишли битим лойиҳасининг олдиндан тайёрлаб қўйилишини сўраб мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаат қилувчининг электрон тармоқ орқали нотариус қабулига ёзилиш бўйича йўлланган мурожаатлари жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини навбатма-навбат қайд қилиш электрон рўйхатига автоматик тарзда қайд этилади.

Мурожаат қилувчининг электрон тармоқ орқали битим расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича йўлланган мурожаати уларнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Мурожаат бўйича битим лойиҳаси нотариус томонидан белгиланган вақтда олдиндан тайёрлаб қўйилади.

Саволга Самарқанд шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Улуғбек Ғаффоров жавоб берди.