Нукусда II Халқаро бахшичилик санъати фестивали бошланди
Турли халқларнинг миллий ўзлигини, уларнинг тили ва ҳаёт тарзини, анъана ва урф-одатларини ифода этадиган бахшичилик санъати умумбашарий маданиятнинг узвий қисми сифатида барчамиз учун қадрлидир. Жаҳон маданий меросининг бу ўлмас асарлари бизга инсониятнинг наслу насаби, тарихий илдизлари, олижаноб идеаллари бир эканини, бинобарин, турли миллат ва элат вакилларининг келажак сари интилишлари ҳам муштарак эканини англатади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 апрелдаги “II Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва бахшичилик санъатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан Нукус шаҳрида ўтказилаётган II Халқаро бахшичилик санъати фестивалида ҳам ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги, бошқа ерда учрамайдиган, такрорланмас жиҳатлари акс эттирилган декорациялар, санъаткорларнинг чиқишлари, ҳунармандчилик кўргазмалалари барчанинг ҳайратию, завқи, шавқига сабаб бўляпти.
Фестиваль доирасида бахшилар беллашуви баробарида миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилгани қадриятларимизнинг ўзига хослигини кўрсатиш баробарида халқимизнинг бой тарихга нисбатан ҳурмату-эҳтироми баланд эканини намоён этмоқда.
Мазкур фестивалда Самарқанд вилоятидан ташриф буюрган иштирокчилар учун ажратилган ҳудудда кўҳна Тиллакори мадрасаси, ҳунармандлар растаси, Самарқанд нонлари кўргазмаси намойиш қилинмоқда.
Самарқанд вилояти мусиқали драма театри актёрлари ва Нарпай, Пахтачи, Иштихон туман маданият бўлимлари ходимлари томонидан Амир Темур ва Улуғбек сиймоси акс эттирилган саҳна кўринишлари, “Мақом” ансамбли, “Чавқи” фольклор жамоасининг чиқишлари, нурободлик номдор бахшилар – Абдуалим Бекмуродов, Шавкат Бобомуродов, Сайим Эргашевлар томонидан ижро этилаётган, мардлик, яхшилик, ҳалоллик, ватанпарварлик, дўстлик ғояларини тарғиб қилаётган достон ва термалар томошабинларга манзур бўлмоқда.