Нуриддин Бобоқандов (нурий) – 75 ёшда!

 

АЁН БЎЛҒАЙ

 

Ҳар яхши ёмон, эй дўст,

нисбатда аён бўлғай,

Тил бирлан эмас, тарзинг

меҳнатда аён бўлғай.

 

 

Зоҳирда жило ялт-юлт,

ботинга баҳо бўлмас,

Сувратдамас кимлигинг

сийратда аён бўлғай.

 

Мажлис-машваратларда,

минбарда қироатлар,

Бонг уришлардан хориж

хилқатда аён бўлғай.

 

Элга эътиқод бирлан

фарзандлик қилур эрсанг,

Сенга элу юрт қилган

ҳурматда аён бўлғай.

 

Қўл чўзса самоларга,

етгуси боёнларнинг,

Кўнгил мулкин бисоти

ишратда аён бўлғай.

 

Меҳнату машаққатда

қадди ё ёронларнинг,

Заҳмати улар чеккан

ҳасратда аён бўлғай.

 

Таърифу тавсифдамас

марднинг феъли атвори,

Мардлик фазли одамнинг

журъатда аён бўлғай.

 

Буқаламунлар бекор

банда товланишида,

Одатда одам насли

хилватда аён бўлғай.

 

Алқисса, аён бўлмоқ

сир асрори кўп, Нурий!

Аммо одам энг сўнгги

фурсатда аён бўлғай.

 

***

 

СЎРА

 

Оразларинг ол рангини

сўрсам, дединг-гулдан сўра,

Гуфторларинг шаккарлигин

айтдингки булбулдан сўра.

 

Хипча бел мурчамиён ул

сарвиқомат сирларин,

Билгим келувди, найлайин

овсар! дединг қилдан сўра.

 

Не эрур жонсиз жасадга

руҳ ато этган сеҳр?

Бул сири асрорни маҳбуб

сўзлаган тилдан сўра.

 

Қайдин олгансан бу янглиғ

ноёб заковат ганжини?

Ифтихор бирлан дединг

пири комилдан сўра.

 

Не учун Мажнуну Машраб

бўлди хор ушшоқлар?

Телбаю девоналиклар

тарзини дилдан сўра.

 

Мен санамни жондин ортиқ

Кўрсам-у, ул боқмаса?

Моҳи пайкарни севиб

қолган ғулом қулдан сўра.

 

Не эди айби Мўмин

Мирзо Ҳумоюннинг десам,

Оҳ! дединг май деб аталган

заҳри қотилдан сўра.

 

Бир заминда воажаб

анжир билан какра ўсур!

Ҳар иккисин меҳрибони

тупроқ билан гилдан сўра.

 

Билмаганни ким сўраб,

ўрганса хўб аъло эмиш,

Оқибат ҳолин нодоннинг

дўсти-жоҳилдан сўра.

 

Сўрма Нурийдан бу янглиғ

олиймақомлик сирларин,

Ҳофизу Ҳайём, Навоий,

Саъдий, Бедилдан сўра.

 

***

 

АММО ЎЗИНГИЗГА ҚОЙИЛ, БИРОДАР!

 

Аммо, ўзингизга қойил биродар!

Ҳеч ким бўлолмайди сизга баробар.

Нафсингиз йўлида дуч келса агар,

Филни ҳам кўз юммай ютворасиз.

“Ҳеч гап бўлган йўқ”, деб кулиб турасиз.

 

Ҳалолу ҳаромнинг фарқи йўқ сизга,

Ўмариб оласиз нархи йўқ сизга,

Лозимми ё абас шарҳи йўқ сизга,

Юлдузни бенишон кўкдан урасиз,

Қўлни қовуштириб, кулиб турасиз.

 

Етим-есирларнинг ризқи ҳамёнда,

Меҳнат ул ёнда-ю, роҳат сиз ёнда,

Сиз ризқин еб қўйган гўдак гирёнда,

Заррача сесканмай айшни урасиз,

Қабрларни бузиб, қаср қурасиз.

 

Устингизда анча пўрим кийим-кечак,

Завжиянгиз зулфи гажак, тақиб чечак,

Соғлом дарахт танасида шум зарпечак,

Жаҳолат мулкида жавлон урасиз,

Ҳаққин сўраганга итдай ҳурасиз.

 

Адолат ҳақида гап очилса гар,

Тил соқов, кўз сўқир, қулоғингиз кар,

Гўёки хўрланган мискин муштипар,

Кўзда ёш нотавон йиғлаб турасиз,

Кўксингиз чангаллаб, оҳлар урасиз.

 

Валекин, эрта-кеч муқаррар бир кун,

Қасосул минал ҳақ сўрови учун,

Тавба-таваллода пушаймон дилхун,

Илтижолар қилиб, нолон турасиз,

Энди надоматда “даврон” сурасиз.

 

***

СИЙРАТИ СЕНДА БУ ТАННИНГ

Сийрати сенда бу таннинг,

суврати мен бирладир,

Роҳати жон сен томону

ҳасрати мен бирладир.

 

Бу тан ичра қаҳри қаттиқ –

қалб аталган шоҳ бор,

Бор зиёсин сенга берган

зулмати мен бирладир.

 

Не карам кўрсатдинг-у,

не гуноҳ қилдим фақир,

Шафқати сенга ато.

шиддати мен бирладир.

 

Ҳар замон бошимга ёққан

ғам аламлар дардини,

Даъватин тинмай қилурсан

захмати мен бирладир.

 

Сенга қул бўлган хаёлим

чорлаюрман ёлвориб,

Рухсати илкингда, лек

миннати мен бирладир.

 

Қай бирин айтай, шаҳаншоҳ,

қаҳру меҳри тарзини?

Ҳимматининг бори сенда,

кулфати мен бирладир.

 

Ноумид эрмаски, Нурий

тун кетидан тонг кутиб,

Худ ўшал тонг зийнати сен,

талъати мен бирладир.

Нуриддин БОБОҚАНДОВ.