Нурободда 10 минг гектарли боғ яратилади

Президентимиз жорий йил 11 январь куни вилоятимизга ташрифи чоғида Нуробод туманида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерлардан 10 минг гектар майдонни ташаббускорларга бериш ва шу ерларда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича топшириқ берганди. Хўш, ўтган вақт давомида туманда бу борада қандай ишлар амалга оширилди?

- Нурободда жами 60 минг гектар лалми ер майдони фермер хўжаликлари ихтиёрига берилган, - дейди туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Аслиддин Тошбоев. - Берилган топшириқдан сўнг барча фермер хўжаликларга тасарруфидаги ерларда боғ, токзорлар барпо этиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқишни таклиф қилдик, имконияти бўлмаган хўжаликлар ерларида узумчилик, боғдорчилик хўжаликлари ташкил этиш учун бош­қа ташаббускорларни жалб этяпмиз. Ҳозиргача 2 776 гектар лалми майдонда боғ ва узумзор ташкил этиш бўйича лойиҳалар тасдиқланди. "Олға чашмаси" муқобил машина трактор парки ҳудудида ернинг биринчи қатламидан сув олиш мумкин бўлганлиги  учун 1,5 минг гектар ва бошқа сувга яқин ҳудудларда боғ ва токзорлар ташкил этилмоқда.

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.