Нурободда 22 нафар раис биринчи марта сайланди
Барча жойларда бўлгани каби Нуробод туманида ҳам фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови уюшқоқлик билан ўтмоқда.
Бу жараёнлар ҳақида бизга туман кўмаклашув комиссия раиси Собир Суяров қуйидагиларни маълум қилди: «Туманимизда шу кунгача 37 маҳалланинг 30 тасида сайлов жараёни ўтказилди. Раисларнинг 4 нафари хотин-қизлар бўлса, 22 нафари биринчи марта маҳалла раислигини бошлади».
Сайланган раисларнинг асосий қисмини 45 ёшдан 55 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бу бежиз эмас. Чунки бугун маҳалла оқсоқоллари доимий аҳоли муаммоларига ечим излаши, уларнинг таклиф, ташаббусларини қўллаб-қувватлаши ва кўмак бериши керак. Бунинг учун, албатта, жисмоний куч талаб этилади.
– Маҳалла халқ виждони деганидек, ҳақиқатда иш кўзини биладиган, халқни ўзи ортидан эргаштира оладиган номзодни сайлаш адолат мезонидир, – дейди Амир Темур маҳалласида яшовчи фахрий ўқитувчи П.Мустафоев. – Маҳалламиз раиси учун бўлиб ўтган сайловда Ҳикоят Ҳазратова вакиллар томонидан энг кўп овоз тўплаб кейинги уч йилга раис бўлиб сайлангани ҳам бежиз эмас. Чунки у амалдаги раисликдаги бир ярим йиллик фаолияти давомида оилавий ажримлар, кам таъминланган оилалар сонининг кескин камайишига эришди. Уй боғчалар очишда бош бўлди, маҳалладаги ишсиз аҳолига, айниқса, хотин-қизларни иш билан банд бўлишига доим интилиб келмоқда. Шу сабаб биз вакиллар ишонч билдириб раис сифатида сайладик. Келгусида бу каби ишларни давом эттиришига ишонамиз.
Санжар Турдиев.