Нурободда илгари минг нафарга ҳам етмаган “Адолатчи”лар айни пайтда 2 мингдан кўпроқ

Нуробод туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабида “Адолат” СДП Нуробод тумани кенгашининг беш йиллик ҳисобот-сайлов конференциясида бу ҳақда айтиб ўтилди.

Партия туман кенгаши раиси Н.Ботирова олиб борган йиғилишда кейинги йилларда партия тузилмалари ва депутатлик гуруҳи фаолиятида кескин ўзгариш ясалгани аҳоли ўртасида қизиқиш ва эътиборнинг ортиши, соҳалар тараққиёти билан боғлиқ ҳамда фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этишда фаол сафдошларимизнинг ташаббускорлиги тобора кўпроқ намоён бўлаётгани таъкидланди.

Қайд этилганидек, ўтган давр мобайнида партиянинг Нуробод тумани кенгаши томонидан ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш борасида қатор лойиҳалар амалга оширилди. Аҳоли хонадонларида юзма-юз мулоқотлар, учрашувлар ўтказилди. Маҳаллий кенгаш депутатлари, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувларда кўтарилган масалаларнинг ечимини топиш, депутатлар фаолиятини ҳокимият вакиллик органида кўриб чиқиладиган муҳим масалаларга қаратиш орқали дастурий вазифалар ҳаётга татбиқ этилди.

Натижада 2015 йилда туманда партия аъзолари сони 810 нафарни ташкил этган бўлса, бугунга келиб уларнинг сони 2210 нафардан ошди.

Баҳс-мунозаралар руҳида ўтган конференцияда партия ишида ҳар жиҳатдан ибрат кўрсатаётган, ташаббускор 5 нафар сафдошларимиз вилоят кенгашининг навбатдаги конференциясига делегат этиб сайланди.

Манзура ДАВРОНОВА,
халқ депутатлари Нуробод тумани кенгаши депутати.