Нурободда “Оила ва хотин-қизлар" маскани иш бошлади

Шу йил хотин-қизларга психологик, ҳуқуқий, тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳар бир ҳудудда “Оила ва хотин-қизлар” масканлари фаолиятини бошлаши белгиланганди.

Шу кунларда вилоятнинг барча туманларнинг оила ва хотин-қизлар бўлимлари қошида шундай марказлар ташкил этилмоқда.

Нурободдаги “Оила ва хотин-қизлар” масканининг очилиш маросими тумандаги  ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳалла хотин-қизлар фаолларини мазкур маскан билан таништириш, фикр алмашишдан бошланди.

-“Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар билан иш олиб бориш, нотинч оилалар билан ишлашда ҳар доим турли соҳа мутахассисларига эҳтиёж сезганмиз, - дейди Нуробод тумани ҳокимининг ўринбосари, туман оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Ирода Ҳаққулова. - Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли бу масалаларда ўз ҳудудидаги умумтаълим мактаблари психологлари хизматидан фойдаланишган. Қолаверса, низоли оилалар билан ишлаш, ёш никоҳланувчиларни янги методология асосида ҳаётга тайёрлаш учун комплекс хизматларни кўрсатишда ҳам ушбу марказ муҳим аҳамиятга эга. Айни пайтда ушбу хизматларни кўрсатиш учун марказда алоҳида хоналар ташкил этилган.

Шунингдек, ушбу масканларда соғлиқни сақлаш, ФҲДЁ, "Оқила аёллар" ҳаракати аъзолари билан ҳамкорликда “Ёш оилаларда масъулиятли ота-оналикни ривожлантириш дастури инновацион тадқиқот лойиҳаси” амалга оширилиб, фарзанд кўришда мустақил ва онгли равишда қарор қабул қилиш учун оиланинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини инобатга олишга қаратилган “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси амалиётга жорий этилади.

- Ўзим тумандаги 61-умумтаълим мактабида психолог вазифасида ишлайман, - дейди Феруза Инназарова. – Ушбу маскан очилиши билан жамоатчилик асосида иш олиб боришга таклиф этишди. Келдим. Тўғри, мактабда асосан болалар билан ишласам-да, аммо бола руҳиятидаги муаммо кўпинча оиласидаги низо, келишмовчиликларга бориб тақалади. Шунинг учун уларнинг оиласига бориб, ота-оналари билан ҳам ишлашимга тўғри келган. Бир неча ўқувчиларимни шу тариқа руҳий тушкунлик, қатор салбий ҳолатлардан сақлаб қолинишига эришганман. Ушбу масканда ҳам оила аъзолари билан ишлашимга тўғри келади ва бу фаолият мен учун янгилик эмас.

Ҳозирча масканлардаги мутахассислар жамоатчилик асосида фаолият юритади. Кейинчалик уларга ҳақ тўлаш масаласи кўриб чиқилади ҳамда улар махсус семинар-тренинг ва ўқувларда қатнашиб, ўз малакасини ошириши кўзда тутилган.

Гулруҳ МЎМИНОВА.