Нурободдаги Араб ота мақбараси

VII асрда Арабистонда юзага келган ислом дини кейинги бир неча асрларда кенг тарқалди. Тез орада Араб халифалиги номини олган давлат Ғарбда Марокашдан, Шарқда Ҳиндистонгача чўзилиб, Шимолий Африка ва Переней ярим оролини қамраб олди.

Илм-фан тараққиёти билан қуролланган ушбу салтанат ўзи билан бирга мавжуд қурилиш усуллари, шунингдек, Сосонийлар ва Византия империяларидан илҳомланган ва Рим меъморчилигининг таъсири остида шаклланган янги меъморчилик турини ёйилишига хизмат қилди. Қурилиш ва безашнинг ушбу янги усули асрлар давомида ривожланиб борди. Бу бизгача сақланиб қолган ёдгорликлар ва қабрлар мисолида, ислом меъморчилигининг кўплаб элементлари ва хусусиятларини таҳлил қилиш имконини беради.

Ислом обидалари ичида кенг тарқалганларидан бири мақбаралардир. Уларни кузатар эканмиз, ўрта аср мақбараларига нисбатан ягона қоида ёки йўл-йўриқ йўқлигини кўрамиз. Халифаликнинг улкан ҳудудидаги турли минтақаларда турли даврларда мақбараларнинг турли хил меъморий ечимлари мавжуд эди. Ўрта Осиёда деярли барча даврларга хос ислом обидалари мавжуд. Бу эса ўрта асрлардаги Ислом мақбаралари эволюциясини кузатиш имконини беради.

Хўш, ўрта аср Исломий мақбара ва ёдгорликлар меъморчилигининг қандай асосий элементлар ажратиб туради? Сир эмаски, мақбаралар меъморчилиги узоқ ривожланиш йўлини босиб ўтган. Исломнинг биринчи асрларида мақбаралар кенг тарқалмаган, улар динда чуқур илдиз отмаган. Исломнинг илк даврларида пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ва у кишининг дўстлари, шунингдек муҳим арбоблар учунгина  мақбаралар қурилган.

Ўрта Осиёда исломгача бўлган даврда кўмиш удумлари дин билан боғлиқ бўлиб, ҳудудда кенг тарқалган динлардан зардуштийлик ва буддавийликда мақбаралар бўлмаган. Бироқ кейинчалик халифалик ҳудудига киритилган ҳудудларда, масалан Сурияда насронийлик мартириумлари, Ўрта Осиёдаги кўчманчи туркий халқларда мақбаранинг примитив кўринишига ўхшаш иншоотлар, қўрғонлар мавжуд эди. Исломнинг илк даврларида мақбаралар кам учраса-да, юқорида кўрсатиб ўтилган “мақбара”лардан илҳомланган мусулмонлар ҳам “мозор” ёки “машҳад” деб аталувчи дастлабки ислом мақбараларини қуришни бошлашган. Бу жараён вақтлар ўтиши билан такомиллашиб, мақбаралар Ислом жамияти ва меъморчилигининг муҳим қисмига айланади. Айниқса, Ўрта Осиёда мақбаралар масжиддан кейин энг машҳур бино турига айланади.

Дастлаб мақбаранинг икки тури юзага келади. Биринчиси қабр минораси бўлиб, бунга мисол тариқасида Эрондаги XI асрда қурилган ва ҳозиргача сақланиб қолган Кабус минорасини (Гунбади Кобус) келтириш мумкин. Бундай қабр миноралари шу ерга дафн қилинган деб ҳисобланган шахс қабрини ажралиб туришига имкон берган.

Иккинчи турдаги мақбаралар оламга қиёс қилинган, квадрат шаклидаги гумбазли мақбаралардир. Сомонийлар мақбараси бундай иншоотларнинг илк намумаси. Бундай тузилишдаги бинолар дизайнининг асосий элементлари сифатида туйнуклар, аркалар, порталлар ва бурчак устунларини кўрсатиш мумкин. Мазкур элементлардан ташқари ташқи меъморий безаклар ҳам мазкур давр мақбараларига хосдир.

Сомонийлар мақбараси билан деярли бир вақтда буйнёд этилган, аммо маҳобатли кириш порталига эга бўлган илк ислом даври мақбараси бу Араб отадир. Араб ота мақбараси Нуробод туманидаги Тим қишлоғида жойлашган бўлиб, Ўрта Осиёдаги илк ислом обидаларидан. Мазкур гумбазли мақбара сомонийлар салтанати даврида қурилган ва ислом меъморчилигининг учта муҳим хусусиятини ўзида мужассам этган дастлабки обидалардан саналади. Яъни мақбара ҳам муқарнас, ҳам меҳроб ва пештоқ мавжуд бўлган илк ислом обидаларидан. Араб ота мақбарасида меҳроб бунёд этилганидан кейин шу даврдан бошлаб мақбараларда меҳроблар бунёд этиш кенг тарқала бошлайди. Мақбарадаги ислом меъморчилигининг асосий қисмига айланган пештоқ энг қадимги намуналардандир. Пештоқ XI-XII асрларда салжуқийларнинг кўп гумбазли мақбараларида тараққий этган.

Мақбара Зарафшон тоғларининг чекка Тим қишлоғи ҳудудида, Бухородан келадиган йўлнинг жанубида жойлашган. Ўлчами 8 метрга 8,7 метр бўлиб, ғиштдан қурилган квадрат шаклидаги бинонинг пештоқидаги ёзувлар қисман сақланиб қолган. Ёзувнинг йўқолган қисми бу ерга дафн қилинган марҳумнинг ижтимоий мавқеи, туғилган санаси ва ўлими ҳақида маълумот берган бўларди эҳтимол. Квадрат шаклидаги бинонинг ўзида мақбарани ўраб турган бурчак устунлари мавжуд. Эшикдан мақбарага кириб борар экансиз, тепасида гипсдан бир-бирига уйғун қилиб ишланган юлдуз нақшлари билан безатилган иккита устун устидаги қиррали арк мавжуд. Арк тепасида гипсдан геометрик нақшлар билан безатилган учта бўшлиқ бор. Мақбарага кириш эшиги қаршисида иншоотнинг меҳроби жойлашган.

Мақбара дастлаб ҳудудда қидирув ишларини олиб борган профессор Х.М.Абдуллаев бошчилигидаги геологик гуруҳи томонидан қайд этилади. Шундан сўнг 1958-йилда ҳудудни географик ўрганиш билан шуғулланаётган профессор Н.Ленов бинони суратга олиб, Самарқанд музейи ва Самарқанд археологик экспедициясига хабар беради.

Бино порталидаги ёзувни дастлаб профессор M.Массон ўқиб, бинонинг қурилган санасини ҳижрий 367-йил, яъни милодий 977-978 йилларни аниқлагач, илмий доиралар орасида мақбарага қизиқиш янада ортади. Шундан сўнг 1960 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти Тимга кичик экспедиция гуруҳини юборади. Унинг таркибига Г.Пугаченковадан ташқари архитектор П.Зоҳидов ва Ўзбекистон Маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш қўмитаси фотографи Э.Юдитский киритилган эди. Тим мақбараси ва унинг ёнида жойлашган масжиднинг ўлчовлари, эскизлари ва фотосуратлари, шунингдек, Остона бобо мақбараси жойлашган ҳудуддаги меъморий иншоотлар экспертизадан ўтказилади. Қўшимча структуравий-стратиграфик маълумотлар олиш мақсадида 1961-йилда Санъатшунослик институти ходими Б.Турғунов мақбаранинг шимолий-шарқий бурчагида шуруф қазади бу эса унинг пойдевор тузилишини аниқлашда ёрдам берган. Олинган маълумотларга кўра 3 метр чуқурликда пойдевор остида 60 сантиметр қалинликда тупроқ ётқизилган. Пойдевор баландлиги 2,4 метр бўлиб, деворлари ғишт билан қопланган.

Аҳоли мақбарани Араб ота мозори деб атайди. Бироқ бу ерга ким дафн этилганлигини билишмайди, у билан боғлиқ афсоналар мавжуд эмас. Мақбара аҳоли томонидан ҳурмат қилинади, зиёрат қилинади, лекин аҳоли онгида мақбара билан боғлиқ ҳеч қандай шахс култи шаклланмаган. Афсуски, порталда битилган ёзувнинг сақланиб қолган қисмида дафн этилган шахс ҳақида маълумот мавжуд эмас.

Г.Пугаченкованинг фикрича, Ўрта Осиё ҳудудига ислом дини кириб келган даврдаги кўзга кўринган араб босқинчиларидан бири қабри устига қурилганлиги учун Араб ота деб аталади деган ноаниқ ғояни илгари суради. Мақбара пештоқида сақланиб қолган ёзувларга кўра у Нуҳ ибн Мансур номидан ҳижрий 367-йилнинг рабби ул аввал ойида, яъни 977-йил октябрь-ноябрь ойларида бунёд қилинган.

Мақбара бир хонадан иборат, кириш портал ва гумбазга эгадир. Унинг асосий фасади шимолга қараган. Бинонинг бурчаклари саккиз бурчакли устунлар билан мустаҳкамланган, бироқ жануби-ғарбий қисми сақланиб қолмаган. Квадрат шаклидаги хона деворларининг тўртбурчаклари, унинг устида ўтиш елканлари бўлган саккизбурчак ва юқорида шарсимон-конусли шифт билан тугайди. Ғовакларнинг яруслари ўзгача, деворларнинг ўқларида уч бўлакдан иборат бўшлиқлар мавжуд бўлиб, бурчакларида икки қаватли тузилмалар бор. Ички деворлари ганч билан ишланган, устига қўш ғиштдан ишланган ўймакорлик намунаси сақланган.

Мақбаранинг ташқи безаклари безакли ғишт ва ганч ўймакорлиги уйғунлиги асосида яратилган. Йўқотишларга қарамасдан кириш порталидаги безаклар яхши сақланган. Мақбара қурилиши учун 23-23,5х23-23,5х4 сантиметр ўлчамдаги тўртбурчакли пишган ғишт ишлатилган. Бино қияликда жойлашган ва шунинг учун унинг пойдеворининг ғарбий томонига катта тош ётқизилган. Мақбаранинг ички қисми 5,6х5,6 метрни ташкил этади.

Хулоса қилиб айтганда, Араб ота мақбараси Ўрта Осиё ва умуман Ислом меъморчилигини ривожланишида муҳим босқич ҳисобланади. Мақбара пештоқдан фойдаланишнинг энг қадимги намунаси ҳамдир. Ушбу меъморий хусусият Салжуқийлар давридан Темурийларгача бўлган кейинги Исломий иншоотларнинг ўзига хос хусусиятига айланиб, улуғвор, монументал кириш жойига айланди.

Мақбарада муқарнаснинг энг қадимги намуналаридан бири – бир қанча чуқурчалар ёки сталактитга ўхшаш декоратив безак мавжуд. Дастлаб квадрат хонадан гумбазга ўтиш учун структуравий элемент сифатида ишлатилган муқарнас кейинчалик кўплаб Ислом биноларида соф декоратив элементга айланди. Макка томонни кўрсатиб турувчи девордаги ярим доира шаклидаги меҳроб ҳам ислом меъморчилигидаги илк намуналардан биридир. Бинонинг қурилиши юқори даражадаги техник маҳорат билан олиб борилган. У пиштган ғиштдан қурилган ва ғишт ҳамда гипсда ишланган мураккаб декоратив нақшлар билан безатилган.

Таъкидлаб ўтилганидек, мақбара нима учун Араб ота деб аталиши хусусида аниқ тўхтам мавжуд эмас. Фикримизча бу ерга минтақада Исломни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнаган, эҳтимол юқори мартабали амалдор ёки авлиё дафн этилган бўлиши мумкин.

Айни вақтда қадимги карвон йўллари яқинидаги тепаликда қад ростлаган мақбара Исломнинг Ўрта Осиёга тарқалишининг моддий манбаси ҳамдир. Бу Х асрда ҳудудда янгича дафн маросимларининг пайдо бўлиши, оддий қабрлардан тортиб муҳим шахслар учун қурилган мураккаб меъморий ечимларга эга бўлган мақбараларгача бўлган дафн амалиётидаги ўзгаришларни ҳам акс эттиради.

Ва ниҳоят мақбаранинг минг йилдан ортиқ вақт давомида сақланиб келиши бир томондан маҳаллий меъморий анъаналарнинг узлуксизлигидан далолат берса, иккинчи томондан ҳудуддаги исломгача бўлган қурилиш услубининг янги Исломий шакллар билан аралашувидан далолат беради. Яна бир масала. Мақбара марказдан узоқда жойлашганлиги унинг асл қиёфасини сақлаб қолишга ёрдам берган. Айнан мана шу жиҳат уни қадимий буюмлар савдоси авж олган XIX-XX асрлар чегарасидаги талон-торождан сақлаб қолган. Бу эса мақбарани Ўрта Осиёнинг ўзига хос меъморий услубининг шаклланиши ва ривожланишини ўрганиш учун қимматли манбага айлантирди.

Маҳмудхон ЮНУСОВ,

“Ипак йўли” халқаро тадқиқот институти бўлим мудири.