Нурободлик 100 ёшли уруш фахрийси Қуръонни кўзойнаксиз ўқийди
Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида истиқомат қилувчи 2 нафар уруш қатнашчиси Раҳмон ота ва Бойқувват бобо бу йил 100 ёшни қарши олдилар.
Хотира ва қадрлаш куни арафасида Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва вилоят ҳокимлиги томонидан нуронийларга Президентимизнинг жорий йил 30 мартдаги ”Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига асосан пул маблағи, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг “1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги” юбилей медаллари ва эсдалик совғалар топширилди.
Сазоғон қўрғони, Эгрийўл қишлоғида истиқомат қилаётган Раҳмон ота Абилов Қуръони карим оятларини кўзойнаксиз ўқиши ҳақида сўзлаб берди. Тим қишлоғида яшовчи Бойқувват бобо эса ҳарбийларга УАЗ-469 да саёҳат қилиш истаги борлигини билдирди. Бобони урушга уйидан мана шундай техникада олиб кетишган экан.
1942-1944 йилларда 137-сонли мотоўқчи полкида миномёт ҳисобида душманга қарши курашган Раҳмон ота Абилов 82 миллиметрли миномётдан отилган ёндирувчи снаряд осколкаларидан жароҳатланган. Госпиталда 6 ой даволанганидан сўнг бир умрга ногирон бўлиб қолган уруш қатнашчиси уйига қайтиб, техникумга ўқишга киради. Ўқиш ва меҳнат фаолияти давомида юртга фойдаси тегадиган кўплаб ишлар қилади.
Қишлоқда 9-умумтаълим мактабини ташкил этиб, бу ерда болаларни 4 синфгача ўқитишни бошлади. Отахондан узоқ умр кўриш сири ҳақида сўралганда: “Амали тўғри ва адолатли инсонларга ўлим йўқ экан”, дея жавоб қайтарди.
Суҳбат чоғида Раҳмон ота ҳарбий хизматчиларга Махтумқули шеърларидан ўқиб берди.
Ҳарбий хизматчилар шу куни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бойқувват бобо Садиновни “УАЗ” техникасида Ўзбекистондаги энг катта полигон – “Каттақўрғон” дала ўқув майдони бўйлаб, саёҳат қилдирди. Ёшлик йилларини эсга олиб, алпкелбатли Ватанимиз ҳимоячилари даврасида яшариб кетган кекса жангчи уларни узоқ дуо қилди.
Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати.