Нурободлик тадбиркорларнинг мурожаатларига ечим изланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан тумандаги тадбиркорлик субъектларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, қабулхонага жорий йил бошидан бугунги кунга қадар 132 нафар тадбиркорлар томонидан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 54 таси тўғридан-тўғри туман қабулхонасига, 63 таси сайёр қабуллар орқали, 15 таси бевосита Республика ишонч телефонлари орқали келиб тушган.
Мурожаатларнинг 22 таси Республика, 28 таси вилоят, 82 таси туман даражасида ҳал этилиши керак бўлган муаммолар ҳисобланади.
Қилинган мурожаатларни соҳалар кесимида оладиган бўлсак, банк кредитлари билан боғлиқ мурожаатлар 53 тани, ер, кадастр ва архитектура-қурилиш ишлари билан боғлиқ мурожаатлар 38 та ва қолган 41 таси солиқ тўловлари, электр таъминотига уланиш, тадбиркорликни давлат рўйхатидан ўтказиш каби мурожаатлар ҳисобланади.
Бугунги кунга қадар келиб тушган барча мурожаатлар тегишлилиги бўйича туман, вилоят, республика даражасида ваколатли корхона ва ташкилотларга йўналтирилиб, барчасининг ижобий ҳал этилиши таъминланди.
Ш.АБДУРАҲМОНОВ,
Нуробод туманидаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мудири.