Нуронийлар бор жойда тотувлик, меҳр-оқибат бўлади

Самарқанд шаҳридаги Қуролли Кучлар кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида нуронийлар, нафақадаги ҳарбийлар ва ёшлар иштирокида уч авлод учрашуви ташкил этилди.

Тадбирда "Нуроний" жамғармаси республика бошқаруви раиси Содиқжон Турдиев сўзга чиқиб, кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни, улар томонидан жойларда олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталди.

- Нуронийлар бор жойда тотувлик, тартиб-интизом ва меҳр-оқибат бўлади, - деди С.Турдиев. - Катта ҳаёт тажрибасига эга отахону онахонлар бугун маҳалланинг юзи, уларнинг ибратли ҳаёти, олиб бораётган ишлари ёшларга ўрнак бўлиб келмоқда. Биз, нуронийлар бирлашиб, бу фаолликни давом эттирсак, ёшларнинг дунёқараши кенгаяди ва соғлом фикрли авлодлар бўлиб улғаяди.

Тадбир давомида фаол нуроний ва нафақадаги ҳарбийларнинг хизматлари эътироф этилиб, ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Фазлиддин Рўзибоев.