Нуронийларнинг мияси қаримайди
Замонавий илм-фан қарилик ҳақидаги тасаввурларни парчалаб, аксинча, инсон ҳаётининг ушбу босқичи қанчалик ажойиб ва серқирра эканини исботламоқда. Тўпланган далиллар шуни кўрсатадики, кекса ёш бу заифлик эмас, балки янги имкониятлар, теран ҳаётий тажриба, донолик ва ҳақиқий бахт давридир. Кексалик – ҳаётнинг якуни эмас, балки уни маъноли, хотиржам ва мазмунга бой қилишдир.
Шу пайтгача “ёш ўтиши билан инсон мияси муқаррар равишда заифлашиб боради”, деган тушунча бор эди. Аммо олимлар нейропластик ҳақида сўз юритиб, миянинг бутун умр давомида янги нейрон алоқаларни яратиши ҳақида гапирмоқда. Албатта, йиллар ўтиши билан ахборотни қайта ишлаш секинлашиши мумкин. Аммо бу ҳолат йиллар давомида тўпланган билим, тажриба ва ҳаётий хулосалар захираси билан тўлдирилади. Ҳаётий тажриба эса инсонга қарорларни шошилмасдан, чуқур мушоҳада ва донолик билан қабул қилиш имконини беради.
60 ёшдан кейин ҳаёт янада ёрқинлашади
Психология соҳасида олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бу “Бахт парадокси” экан. Маълум бўлишича, кўплаб инсонлар 60-70 ёшдан кейин ўзини ўрта ёш даврига нисбатан анча бахтлироқ ҳис қила бошлайди. Чунки улар ҳис-туйғуларини яхши бошқара олади, салбий ҳолатларга камроқ эътибор қаратади ва ҳаётнинг оддий, аммо беқиёс қимматли неъматларини - яқинлар билан мулоқотни, севимли машғулотларни, табиат қўйнидаги сокин дамларни кўпроқ қадрлайди.
Ижтимоий алоқалар - узоқ умр кўришнинг энг катта сири
Геронтолог олимларнинг аниқлашича, нуронийлар учун мустаҳкам ижтимоий алоқалар жуда муҳим, худди тўғри овқатланиш ва жисмоний фаоллик каби. Оила аъзолари билан яқин мулоқот, дўстлар давраси, қизиқарли машғулотлар, буларнинг барчаси деменция ва депрессия хавфини кескин пасайтиради, иммунитетни мустаҳкамлайди. Ёлғизлик эса кексаликда соғлиқнинг энг катта душмани.
Пенсия - иккинчи имконият
Тарихдан маълумки, буюк ютуқлар 60 ёшдан кейин амалга ошган. Масалан, Лев Толстой ўзининг машҳур “Тирилиш” асарини 71 ёшида ёзган. Машҳур рассом Мозес буви эса 76 ёшида рассомлик фаолиятини бошлаган. Пенсия ёши - бу ҳаётнинг тўхташи эмас, балки янги имкониятлар эшиги очиладиган давр. Илгари иш ва ташвишлар билан бўлиб, амалга ошмаган орзу ва истеъдодларни шу паллада юзага чиқариш мумкин. Пенсия янги иқтидорларни очиш учун берилган имконият.
Жисмоний фаоллик ҳар қандай ёшда ҳам фойдали
“Нуронийлар ўзини эҳтиёт қилиб, камроқ ҳаракат қилиши керак”, деган гаплар бугун инкор қилинмоқда. Аксинча, мунтазам ва мўътадил жисмоний фаоллик - пиёда юриш, сўзиш, йога суякларни мустаҳкамлайди, юрак-қон томир тизимини яхшилайди. Доимий ҳаракат соғлом ва фаол ҳаётнинг энг ишончли гарови.
Уйқу ўзгаради, унинг аҳамияти янада ортади
Ёш ўтиши билан кексаларнинг уйқу жараёни ўзгаради, қисқаради, тунда тез-тез уйғониб кетади. Бироқ дам олишга бўлган эҳтиёж ҳеч қачон камаймайди, аксинча, у янада муҳим аҳамиятга эга бўлади. Соғлом уйқу хотирани мустаҳкамлайди ва эмоционал мувозанатни сақлайди.
Таъм ва ҳид сезиш пасаяди, аммо таом мазали бўлиши мумкин
60 ёшдан кейин инсонда таъм билиш ва ҳид сезиш қобилияти аста-секин камаяди. Бу физиологик жараён. Аммо бу таомлар мазасиз бўлиши керак дегани эмас.
Донолик илмий асосланган тушунча
Кекса инсонларнинг донолиги бу фақат чиройли метафора эмас. Нейробиологларнинг аниқлашича, донолик учун жавобгар бўлган миянинг префронтал қора қисми йиллар ўтиши билан фаол ривожланади. Айнан шу қисм инсонга вазиятни тизимли равишда кўра олиш, турли нуқтаи назарларни ҳисобга олиш, оқилона қарор қабул қилиш ва ҳис-туйғуларга берилмаслик имконини беради. Кексалик – инқироз, дегани эмас. Бу ҳаётнинг ўзига хос, ҳикматга тўла, барқарорлик ва янги имкониятлар даври. Кексаларга иззат-икром кўрсатинг, уларга вақт ажратинг, ҳурмат қилинг. Шунда сиз ҳам улардан ҳаётнинг бебаҳо сабоқларини оласиз.
Муниса ШАМСИЕВА тайёрлади.