Нью-Йоркда ўзбек мактаби очилди
Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Нью-Йоркнинг Бруклин мавзесида (АҚШ) “Зиё Арт” ўзбек мактаби очилди.
Тадбир Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ва “Mahalla USA” диаспора ташкилоти билан биргаликда ташкил этилди.
Бош консулхона маълумотларига кўра, мактаб 16 Avenue О, Brooklyn NY 11204 манзилида жойлашган бўлиб, қуйидаги фанлар бўйича машғулотлар олиб борилади: “Ўзбек тили ва адабиёти”, «Одобнома», “Тасвирий санъат”, «Шахмат» ва «Математика».
Дарслар шанба ва якшанба кунлари ўзбек тилида Ўзбекистондан олинган махсус ўқув материалларидан фойдаланган ҳолда малакали ўқитувчилар томонидан олиб борилади. Ўқитувчилар танлов асосида саралаб олинган.
Бош консулхона Ўзбекистон Ҳукумати номидан ўзбек мактаби кутубхонаси фондига китоблар ва бадиий адабиётларни топширди.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари чет элларда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ҳамда хорижда яшовчи ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда.