"Ўғригина болам..."
"Ўзи бу дунёда билмасдан, кўрмасдан, синамасдан туриб ҳеч кимга яхшилик, раҳм-шафқат ҳам қилманг экан, болам. "Синалмаган отнинг сиртидан ўтма", деган мақол ҳам бежиз айтилмагандир. Аммо биз ҳам хом сут эмган бандалармиз-да, одамзод лойдан ясалаётганда сув етмай қолиб, унинг ўрнига кўз ёшлари ишлатилган экан. Шу сабабли ҳам меҳр-мурувватли, раҳмдилмиз. Худога шукур, бировга ёмонлик соғинмаймиз, ҳаммага ишонаверамиз.
Ўтган куни тун ярми эди. Ташқарида ҳаво совуқ, аёз. Дарвоза тақиллади, ташқарининг чироғини ёқиб, бир илож қилиб, эшиккача бордим. Очсам, озғингина бир одам ярим букчайиб, совуқдан дир-дир титраб турибди.
– Қишлоқдан келганман, онажон, касаллигим туфайли уйимга кетолмай қолдим, бир кечага жой беринг, ишонмасангиз мана паспортим, – деди инграганича. Чироқ ёруғида юзига қарасам, дуппа-дуруст, ростакамига касаллиги аён.
Бўш бир хонага киритиб, ҳарорат туширувчи дори-дармон бердим, иссиққина новвотли чой ичирдим. Ҳарорати бироз тушиб, ухлаб қолди.
Тонг саҳар кўзим илинибди, уйғонганимда соат эрталабки етти эди.
Дарҳол тунги бемор меҳмон эсимга тушиб, "яхшимикан, мусофир шўрлик", дея у ётган хонага ўтдим ва ҳайратдан донг қотиб қолдим.
Тўшаклар ағдар-тўнтар бўлиб ётар, меҳмоннинг қораси ҳам кўринмасди. Дарвоза очиқ.
Юрагим "шув" этди-да, кўнглимга хавотир югурди. Шошиб қолдим, бир зумда барча хоналару ҳовлини зир айланиб чиқдим.
Сервант ичидаги пулларим ва тилла тақинчоқларим турадиган ёғоч сандиқчамни очдим, бўм-бўш! Уяли телефоним йўқ, деворга илинган яп-янги момиқ, гулдор гиламчам ҳам йўқ.
Художўй одамман. Аммо ўша пайт одам зотига нисбатан нафрат, мутлоқ ишончсизлик, ғазаб пайдо бўлди қалбимда ва нохосдан юрагимни чангалладим.
– Саксонга яқинлашдим, менга бойлик, мол-дунё нимага керак энди, гўримга орқалаб кетармидим. Қариганингиздан кейин бировларга яхшилик қилиб, меҳр кўрсатгингиз келавераркан. Лекин улардан ҳам яхшилик кутаркансиз. Нима бу яхшилик? Пул, қимматбаҳо совғалар ҳам эмас, шунчаки меҳр, илиқлик, кўнгилни кўтарувчи бир оғизгина ширин сўз, бир ўрамгина шоколадми ё тўрттагина парварда, қанд-қурсми...
Кўнгил бу, болам, кўнгил!
Ҳа болам, гап ўша ўмариб кетилган нарсаларнинг камёблиги ёки қимматбаҳолигида ҳам эмас, булардан айримлари кексалигим туфайли асқотарди дейман-да.
Майли, болам, ўғри бўлса ҳам омон бўлсин. Эҳтимол, бола-чақаси бордир, етишмовчилик домига тушиб қолгандир, ишсиздир. Худонинг бандасида у ҳам, дўхтир болам.
– Қўшниларим ҳам билмайди ҳали бу гапни. Кечиримли бўлайлик, болам! Адашмайдиган одам борми дунёда? "Ланғиллаган оловни сув ўчиради, кечиримли одамни Худо кечиради", деган ҳикмат бор халқимизда, болам.
Бир хавотирим, уйига, бола-чақасининг ёнига эсон-омон етиб олган бўлсин илоҳо! Касал эди у ахир! Касал..."
Мен оҳистагина бемор онанинг тўшаги қаршисига тиз чўкиб, унинг чойшаб остидаги муқаддас оёқларига бошимни қўйдим.
Муродим УМРЗОҚОВ.