Ўктамликда тенги йўқ аёл – Мунаввара Ўринова сийратига чизгилар

Мунаввара Ўринова фаолиятида бундай ўктамлик ва меҳридарёлик кўп кузатилган. Инчунин опа одамларга яхшилик қилиш, меҳр улашиш, мурувват кўрсатишни шиор деб билган. Шундан бўлса керак, эллик минг аҳоли яшайдиган Ургут шаҳрида барча Мунаввара опани ҳозиргача ҳурмат қилади, эъзозлайди.

Мунаввара опа босиб ўтган умр йўлларини сарҳисоб қилар экан, ота-онасининг иссиқ бағри, машаққатли талабалик йиллари, ижтимоий ҳаётда гуруллатиб ишлаган пайтлари, шаҳар ҳокимлигининг зил-замбил салоҳияти кўз ўнгидан ўта бошлайди.

Опа Ургут тарихида биринчи бўлиб трактор ҳайдаган Камардон маҳалласида яшовчи Ўрин Ҳамидов хонадонида дунёга келди. Ўрта мактабни битиргач, Самарқанд савдо институтига ўқишга кирди. Олийгоҳда устоз ва мураббийларидан яхши сабоқ олган олов қалбли қиз соҳани астойдил эгаллашга интилди. Ўқишни муваффақиятли битиргач, меҳнат фаолиятини туман матлубот жамиятида китоб савдоси молшунослигидан бошлади. Ёш мутахассис одамларни янада китоб билан ошно этиш, улар қалбига зиё олиб киришга ҳаракат қилди. Опанинг кейинги меҳнат фаолияти бевосита раҳбарлик вазифаларини адо этиш билан кечди. Мунаввара Ўринова бу йилларда ҳам дунёвий, ҳам маънавий жиҳатдан улғайган, кичик жуссасига катта қалбни сиғдира олган ташкилотчи сифатида майдонга чиққанди. Молшуносликдан туман матлубот жамияти раисининг ўринбосари, шаҳар матлубот жамияти бошқарув раиси, халқ депутатлари Ургут шаҳар ижроия қўмитаси раиси, Ургут шаҳар ҳокими, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари каби масъул ишлар опани чиниқтирди, тоблади. Муҳими М.Ўринова ўша пайтларда ижтимоий масалаларни ҳал этиш билан бирга, одамлар қалбига йўл топа билди. Дардларини эшитди, ташвиш ва қувончларига шерик бўлди. Туманда кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари бажарилди. Ургут шаҳри ҳамманинг ҳавасини келтирадиган даражада кўркамлашди. Янги бинолар қад ростлади, савдо ва маданий-маиший хизмат тармоқлари очилди. Шаҳарнинг асосий қисми хонадонлари газлаштирилди. М.Ўринованинг бевосита ташаббуси ва туман ҳокимининг кўмаги билан Навбоғ маҳалласи ташкил этилди. Халқ амалий санъати ва ҳунармандчиликка кенг йўл очилди. Мавжуд тураржой ва маданий-маиший бинолар маҳаллий меъмор ҳамда қўли гул қурувчилар томонидан янгича кўриниш касб этди. Улар бунёд этган мустақиллик майдони, Чорраҳа чойхонаси бугун шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиб турибди.

Бугунги кунда Ургут ва ургутликлар номини дунёга танитаётган бозорга асос солинди. Ўша пайтларда Ургут шаҳри меъморчилик бўйича Навоий номидаги давлат мукофотига сазовор бўлишида шубҳасиз, опанинг катта хизматлари бор.

Мунаввара Ўринова бугун ҳаёт деб аталмиш кошонанинг катта бир бўсағасидан хатлаб ўтмоқда. У ўтказган умридан, қолдирган баракатли изларидан мамнунлигини яширмайди. Фаолияти давомида яхши одамлар билан ишлади, яхши ва улуғ ишларнинг бошида турди. Ҳозир ҳам опа рўзғоридан ортиб, жамоат ишини адо этмоқда. "Ургут Навоий савдо сарвис" МЧЖ директори ҳамда "Ургут сайёҳ МТС" ижрочи директори сифатида фаолият кўрсатмоқда. Хизматлари боис шарафланган, соҳага оид турли конференция ва анжуманларда қатнашган, бир неча бор туман ҳамда вилоят Кенгашига депутат этиб сайланган, кўплаб эсдалик нишонларига сазовор бўлган Мунаввара Ўриновани туғилган куни билан қутлаймиз. Турмуш ўртоғи Шароф ҳожи билан тўрт фарзандни, кўплаб набираларни муносиб тарбиялаётган опага ҳамиша соғлиқ ва омонлик тилаймиз.

– Жонажон Ватанимни доимо обод ва гўзал кўришни истайман, – дейди Мунаввара Ўринова. – Ўтказган умримдан миннатдорман. Юртимизга, халқимизга асло кўз тегмасин.

Опанинг гаплари ижобат бўлғай.

Адҳам ҲАЙИТОВ,

Матлаб ҲАСАНОВ.