Ўқувчи мактаб боғида ишлашга жалб этилди бу мажбурий меҳнатми ёки…?

– Ойижон, ўқитувчимиз бизни мажбурлаб ишлатмаяпти. Аксинча, мевали, манзарали дарахтлар, гулларни парваришлаш, уларга ишлов беришни ўргатяпти. Ахир мактабга шикоят қилиб борсангиз, мени уялтириб қўясиз-ку?!
– Дарс тугагандан кейин ҳам уйга келай демайсан, ҳар сафар муаллимга, мактаб боғбонига ёрдам қилдим, деб баҳона қиласан.
Она-бола суҳбатига ота аралашди:
– Дарсдами, кейинми, бола меҳнатда тобланса, нимаси ёмон, онаси? Ўғлинг мактабда ўрганганлари билан ҳовлимиздаги боғни обод қиляпти. Дарахтлар, гулларга шакл бериш, уларни парваришлашни ўргатгани учун ўқитувчисига раҳмат айтишинг керак. Сен бўлса, арз қиламан, дейсан.

Бугун аксарият умумтаълим мактабларида боғ, гулзор, иссиқхоналар ташкил этилиб, нафақат ўқитувчилар, балки ўқувчилар ҳам фойдали меҳнатга жалб этилмоқда. Бунинг самарасида таълим даргоҳлари кўркамлик касб этяпти, олинган қўшимча даромад муассасанинг харажатларини қоплашга сарфланяпти. Ўз навбатида, технология фани (собиқ меҳнат таълими дарси) машғулотлари жараёнида ушбу юмушларга ўқувчиларнинг жалб этилиши уларда боғдорчилик кўникмалари шаклланиши, ўрганган билимларини амалий фаолиятда қўллаши, касб-ҳунар танлаши, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида ижтимоий муносабатларга киришишида қўл келяпти.

Буни тушуниб етмаган айрим ота-оналарнинг "Боламни мажбурий меҳнатга жалб этяпсизлар", дея ўқитувчидан, мактаб маъмуриятидан норози бўлаётган ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу эса ўқувчиларнинг ўз қизиқишлари бўйича онгли равишда касб танлаши, касбий мойилликларини ривожлантиришда муаммоларни келтириб чиқармоқда.
– Технология фани дарсларида ўқувчиларга турли материаллардан буюмлар ясаш, тикиш, тўқиш, содда лойиҳалаш ишларини бажариш, маҳсулотлар хусусиятларини тавсифлаш, фарқлай олиш, хавфсизлик техникаси, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш каби бир қатор кўникмаларни ўргатамиз, – дейди ўқитувчи М.Абдурайимов. – Бунда ўқувчилар технологик жараёнларда умуммеҳнат операцияларини амалиётда қўллаш, маҳсулотлар сифатини таҳлил қилиш, баҳолаш, буюмларни конструкциялаш, моделлаштириш, замонавий бозор муносабатларига мослашиш, муҳими, интеллектуал, техник фикрлашга ўрганади.

Шундай экан, фарзандларимизнинг ишчанлик, фаоллик хусусиятларини бойитишга, уларни тартиб-интизомли бўлишга, меҳнат маданияти юксалишига хизмат қиладиган бундай машғулотларга қатновини чекламаслик керак, назаримизда. Айрим вазиятларда мактаб дарсларидан кейин ўқувчининг боғда, иссиқхонада ишлашга, ҳашар тадбирларига жалб этилиши болани меҳнатсеварликка ундаса, "Мажбурлаб меҳнат қилдиряпсизлар", деган иддаомиз тўғримикан?

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ.