Ўқувчини жазолаш керакми?
Ўзим қарийб 40 йил таълим соҳасида ишлаганим боис, бу ҳақда ўйлаб қолдим. Мисол учун, 5-6 синфларда 2-3 нафар тартиббузар бола бор, дейлик. Бу тоифадаги болаларга яхши муомала, тушунтириш, суҳбат усуллари кор қилмаслиги оқибатида юқори синфларда қайсарлар сафи кенгайиб боради. Қуйи синф ўқувчилари наздида улар "қаҳрамонлар"га айланадилар.
Болани уриб жазолаш мумкин эмасдир, лекин уларга қаттиқроқ танбеҳ беришга устозларнинг ҳақлари бор деган фикрдаман. Айрим ота-оналар фарзандига оғзаки танбеҳ бериб, тартибга чақириб қўйган ўқитувчини ўқувчилари кўз ўнгида ҳақоратлаб кетиши ҳолатлари кўп учрайди. Ўқитувчи койиган ўша бола эса синфдаги тартиббузар ўқувчи бўлиб чиқади. Дарс жараёнига халал бергани, ўқитувчига беписандлик қилгани учун балки ўқувчи қандайдир жазога лойиқдир? Ўта қайсар ўқувчиларга, ота-оналар томонидан ўқитувчининг обрўсини тўкиш ҳолатларига нисбатан жарима қўллаш керакдир?
Неъмат АСҚАРОВ,
Паст Дарғом тумани.