Ўзбек фольклорининг Навоийси
Вилоятимиз маданият ва санъат ходимлари ҳам ушбу қарордан руҳланиб, бебаҳо миллий санъатимизни ривожлантириш бўйича ўз ижодий режа ва лойиҳаларини ишлаб чиқмоқда.
Бугун кунда Самарқандда олти нафар бахши фаолият юритиб, оммавий тадбирлар, ҳалқ сайилларида иштирок этмоқда. Улар – Каттақўрғон шаҳридан Хуррам бахши, Нарпай туманидан Самад бахши, Паст Дарғом туманидан Аҳрор бахши, Нуробод туманидан Сайим бахши, Булунғур туманидан Шерқўзи бахши, Қўшработ туманидан Турдимурод бахши миллий санъатимиз дурдонаси бўлган бахшичилик анъаналарини давом эттириб келмоқда.
Вилоятдаги тўрт болалар мусиқа ва санъат мактабида жорий ўқув йилидан бошлаб бахшичилик йўналиши очилди. Ушбу йўналишларда бугунги кунда юзлаб ўқувчи ёшлар буюк бахши ва оқинлар меросини, бу санъат тури сирларини ўрганмоқда.
Юртимиз бахшичилик анъаналари шаклланишида самарқандлик бахшиларнинг ўрни беқиёс. Хусусан, Эргаш Жуманбулбул ўғли ўзбек бахши шоирларининг пешқадами сифатида нафақат Самарқанд, балки бутун мамлакатимизда ушбу санъатнинг ривожланишига жуда катта ҳисса қўшган.
Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бахши ҳақида фикр билдириб “ўзбек фольклорининг Навоийси – Эргаш Жуманбулбул ўғли” деб таъриф берган эди.
Абдулла Ориповнинг Эргаш Жуманбулбул ўғлига берган баҳосини нечоғлик ҳақиқат эканлигини бахши қолдирган бой мерос, унинг бадиий эстетик қиммати, ўзбек халқининг маънавиятидаги муносиб ўрни ҳам тасдиқлайди.
Айни пайтда вилоятимизда Эргаш Жуманбулбул ўғли таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлашга тайёргарлик кўрилмоқда. Юбилей муносабати билан бахши шоир яшаб, ижод қилган Қўшработ туманидаги уй-музейи тўлиқ қайта таъмирланади. Бахши шоир ижоди ва фаолиятига бағишлаб ҳужжатли фильм яратиш, китоб чоп этиш режалаштирилган. Ўқув юртлари, маданият муассасаларида илмий-амалий анжуманлар, бадиий кечалар, ижодий учрашувлар ўтказилиши белгиланган. Шоир ижод қилган қишлоқда республика бахшилари иштирокида танлов ҳам ташкил этилади.
Устоз Тўра Мирзаев ўз китобларининг бирида Эргаш Жуманбулбул ўғли ҳақида қуйидаги сўзларни келтирган: “Эргаш шоир бадиий сўзни жуда юксак даражада қадрлаган. Айтаётган сўзини ҳеч маҳал елга бермаган, шамолга учириб юбормаган. Шунинг учун ҳам у сўз ва соз, сухан ҳақидаги қарашларига доир махсус термалар яратиш билан бирга уларни ўрни-ўрни билан достонларнинг қат-қатига сингдириб юборган.”
Баҳодир ШАРОФОВ, вилоят маданият бошқармаси бошлиғи.